10:29 / 02.05.2022
8872

Экология ва иқлим масалалари бўйича илк миллий маслаҳатлашувлар ўтказилди

Ўзбекистонда 29 апрель куни Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтида «Green Hub» платформасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур платформа ғояларни шакллантириш, билимларни йиғиш ва уларни ўзаро алмашиш орқали мамлакатда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнига янада кўмаклашиш учун ўз ишини бошлайди. 

Фото: Green Hub

Тадбир билан бир вақтда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури томонидан «Стокгольм +50» халқаро учрашувлари доирасида халқаро ва маҳаллий ҳамкорлар билан биринчи миллий маслаҳатлашув ҳам  ўтказилди. Ушбу учрашувда давлат идоралари вакиллари, халқаро экспертлар, жамоатчилик гуруҳлари аъзолари ҳамда ёшлар Ўзбекистондаги мавжуд экологик муаммоларни халқаро миқёсга олиб чиқиш, табиат, унинг ресурсларини асраб-авайлаш бўйича эришган муваффақиятлари ҳамда давлат чора-тадбирларини ўзаро муҳокама қилишди.

Матильда Димовска, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили:

«Биз яшил ўсиш стратегик асосларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишга ва ғояларни қўллаб-қувватлашга доим тайёрмиз. Экология ва атроф-муҳит масалаларига бағишланган миллий маслаҳатлашувлар ғояларни шакллантириш, билимларни тўплаш ва уларни ўзаро алмашиш орқали «яшил» иқтисодиётга ўтишга ҳисса қўшиш учун мўлжалланган «Green Hub» ишга туширилиши билан бир вақтга тўғри келганидан мамнунмиз. Миллий маслаҳатлашувлар «Стокгольм+50» халқаро учрашувлари доирасидаги дастлабки миллий консультацияга мана шундай асос солинганидан жуда мамнунмиз».

Маълумот ўрнида: БМТ бош ассамблеяси жорий йилнинг  2-3 июнь кунлари Стокгольмда Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни олдидан «Стокгольм+50: умумжаҳон фаровонлик учун соғлом сайёра – бизнинг масъулият, бизнинг имкониятимиз» номи остидаги халқаро учрашувларни ўтказмоқда. Ушбу кенг қамровли анжуман бундан эллик йил аввал - 1972 йилда ўтказилган Стокгольм анжуманининг рамзий маънодаги давоми бўлиб, унда бутунжаҳон атроф-муҳит муаммолари, табиий ресурсларни асраб-авайлаш масалалари, жумладан, коронавирус пандемиясидан сўнг мустаҳкам тикланиш учун барқарор ривожланишнинг экологик жиҳатлари муҳокама қилинади.

Top