Ўзбекистон | 17:17 / 25.11.2025
3195
2 дақиқада ўқилади

Атмосферага зарар етказаётган 18 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди

Тошкент шаҳри ва вилоятида ўтказилган рейдларда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид талабларларни бузиш бўйича салкам 40 та ҳуқуқбузарлик аниқланди. Бунга йўл қўйганларга 34,8 млн сўм жарима қўлланди, 18 та корхона фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Фото: Экология қўмитаси

24 ноябр куни кечқурунги соат 19:00 дан сўнг Тошкент шаҳри ва вилоятида атмосфера ҳавосини ифлослантиришга қарши кураш мақсадида экологик назорат тадбирлари ўтказилди, дея хабар бермоқда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Рейдлар вилоятнинг Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманлари, шунингдек, Тошкент шаҳрида 4 та тезкор гуруҳ томонидан ўтказилган. Тадбирларга ФВВ, ИИО ва Миллий гвардия ходимлари ҳам жалб қилинган.

Хусусан, 103 та корхона ва иқтисодий фаолият юритувчи объект текширилиб, уларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишга оид қонунчилик талабларига қай даражада риоя қилаётгани ўрганилган.

Натижада 38 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, бунга йўл қўйган шахсларга нисбатан жами 34,8 млн сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган. Шунингдек, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатган ва қонун талабларини бузган 18 та объект фаолияти 10 кунга вақтинча тўхтатилган.

Бундан аввалроқ Экология қўмитаси 1 декабргача саноат корхоналаридан атмосферага зарарли ташламалар миқдорини икки баравар камайтириш, қурилиш ташкилотларидан эса ҳавони муҳофаза қилиш талабларига риоя этишни сўраганди. Қоидабузарликлар фаолият тугатилиши, жарима ёки жиноий жавобгарлик билан жазоланади.

 

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид