18:54 / 04.05.2022
22052

“Юрак амри” хайрия фонди фаолияти вақтинча тўхтатилди

Бундан мақсад, фонд асосчиси Сардор Раҳимхоннинг маълум қилишича, лойиҳа масштаби кенгайиб кетгани боис эҳтимолий хатоларнинг олдини олишдир. “Янада кучга тўлиш, хатоларимизни ислоҳ қилиш ва расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсадида мана шундай қарорга келдик, азизлар”, деди у.

Фото: "Юрак амри" фонди

“Юрак амри” хайрия жамоат фондининг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда фонд асосчиси ва етакчиси Сардор Раҳимхон маълум қилди.

Сардор Раҳимхоннинг сўзларига кўра, лойиҳа пандемиянинг дастлабки даврларида қисқа муддатли хайриялар учун ташкил қилинган. Кейинроқ, 2021 йил 12 июлда бу хайрия лойиҳаси расман фонд сифатида ташкил қилиниб, фаолиятини давом эттирган.

“Инсонларга фақат озиқ-овқат билан ёрдам бериш билан иш битмас экан. Шундан сўнг инсонларга уйлар бериш, даволатиш, ўқитиш ва бошқа-бошқа муаммоларига [ечим беришга] киришдик. Биз юртбошимизни камбағалликни қисқартириш, аёлларни темир дафтардан чиқариш сиёсатларига мос равишда уларни ёнларида камарбаста бўламиз, дея ҳаракат қилдик”, – дейди у.

Фонд етакчисининг айтишича, ташкилотчиларнинг ўзлари ҳам фонд шунчалик катта лойиҳа бўлиб кетиши ҳақида ўйламаган, бугунги натижаларга президент томонидан яратилган шароитлар туфайли эришилган.

“Тан олишимиз керак, бизнинг жамоамиз бундай катта кўламга тайёр эмас эканмиз. Айниқса, минглаб инсонларнинг эҳсонлари ҳақида гап кетганда бизнинг ҳам жисмоний, ҳам руҳий имкониятларимиз етишмаслигини ҳис қилдик. Шу сабаб катта хатоларнинг олдини олиш мақсадида, халқимиз ва юртбошимиз олдида юзимиз ёруғ бўлсин, деган мақсадда вақтинчалик фаолиятимизни тўхтатишга қарор қилдик. Яъни, янада кучга тўлиш, хатоларимизни ислоҳ қилиш ва расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсадида мана шундай қарорга келдик, азизлар”, – дейди Сардор Раҳимхон.

Шунингдек, Сардор Раҳимхон ўз фикрларидан бошқа маъно ясамасликни ва “Юрак амри” учун аталган хайрияларини бошқа фондларга ўтказишларини сўраган.

Фото: "Юрак амри" фонди
Фото: "Юрак амри" фонди

Аввалроқ, фонд томонидан Тошкент вилояти Бўка туманида эҳтиёжманд оилаларга “Жаннатдаги қасрлар” лойиҳаси доирасида ҳашар йўли билан уй қуриб берилаётгани хабар берилган эди.

Шунингдек, 28 апрел куни Qalampir.uz нашрига интервью берган Сардор Раҳимхон фонд фаолияти, унга келиб тушаётган маблағларнинг тўғри ва мақсадли сарфланишига шубҳа билдираётганлар олдида “юзи ёруғлиги”ни билдирган.

“Ҳисоб рақамимизга тушадиган пулларга кўпчилик шубҳа билан қарайди. Нимадирлар дейди. Фитначилар, кимларнингдир фойдасига ишлайдиган троллар, интернетда сохта профиллар билан изоҳ ёзадиганлар, ҳар хил фитна мақолалар чиқарадиганлар бор. Уларнинг ҳаммасини кимга, кимнинг манфаати учун ишлашини биламиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда Роббимизнинг, халқнинг, эҳсон берувчиларнинг олдида юзимиз ёруғ”, деганди лойиҳа асосчиси.

Top