Жамият | 11:35 / 08.05.2022
9801
4 дақиқада ўқилади

“Кичкина боламнинг катта дарди бор”: касалхоналарда ўтаётган болалик

Хасталикнинг азоби ҳеч кимга ҳавас эмас. Инсон сабри шунда синалиши ҳам бор гап. Лекин оғриқлардан эзилаётган фарзанднинг азобларига гувоҳ бўлишдан оғири йўқ.

 “Болам ҳали нима кўрди бу дунёда?”

Эндигина 2 ёшни қаршилаб, ҳаётнинг ширин неъматларидан баҳра олиб улгурмаган болакайнинг бадани ниналардан зада бўлган. Қўйилган оққон ташхиси уни кунда кунора аччиқ азобларга гирифтор қилади. Гўдакнинг кўзларида югуриб ўйнаётган соғлом болаларга ҳавас, яшаш умиди мужассам.

“Энди тили чиқиб кўзимизни қувнатаётган паллада шу дард ёпишди. Болам кўчада ўйнаётган болаларга ҳавас билан термилиб ўтиради. Фақат шифо сўраяпман, болам ҳали нима кўрди дунёда?”, — беморнинг онаси Зулфиянинг ягона орзуси шу.

Беморнинг отаси Камолиддин сотувчилик билан шуғулланиб рўзғор тебратади. 8 жондан иборат катта оиланинг бутун ташвиши унинг гарданида.

Имрон Мусратовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 3329 9723 9557 отаси Камолиддин Ўроқов номида

Мастеркард: 5497 1900 2006 4927 отаси Камолиддин Ўроқов номида

“Уч болам уч ерда сарсон – касал қизим билан овораман”

Оҳангаронлик оиланинг тўнғичи Роза ҳам машъум дард билан 4 йилдан бери курашади. Ойлаб шифохоналарда ўтаётган вақтларда аҳволи яхши эмаслиги сабаб онаси доим у билан бирга.

“Уч болам уч ерда сарсон. Кекса онам қараяпти бирига, яна бири акамникида. Турмуш ўртоғим мавсумий ишларда ишлайди. Боламни даволатиш учун ҳамма молларимизни сотдик. Уй оламиз деб бироз пул йиғаётгандик – униям ишлатдик. Уйимиз йўқлиги учун ҳозиргача ижарада яшаймиз. Ўзим ҳам имкон қадар пул топишга ҳаракат қиламан. Қизим соғайиб кетса бас, қолгани битар экан”, — кўзёшлари шашқатор онани юпатишга сўз топилмайди.

Роза Қўчқоровага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 3329 2426 1203 онаси Гулида Бўронбоева номида

Хаста фарзанд билан ижарада сарсон она

“Боламни шифохонага зўрға етказиб келдим: аҳволи ниҳоятда оғир эди. Шифокорлар ҳамма имкониятларини ишга солишди.

Баъзида оғзига тошиб кетган яралар сабаб 10-15 кунлаб овқатлана олмайди. Унинг азобларини кўриб чидаб туролмайман”, — Жавлонбекнинг онаси Шаҳноза фарзанди соғайиши учун ёлғиз ўзи курашмоқда. Турмуши бузилиб ота уйига қайтган аёлга ўз яқинлари ёрдам бериб келишади: “Битта акам бор: Россиядан келмайди. Ўша ерда ишлаб бизга ёрдам беради”,-дейди аёл.

Ўз бошпаналари йўқлиги боис оила ижарада яшашга мажбур. Бетоб фарзанднинг дори-дармонлари, парвариши билан бирга ижара тўловлари ҳам улар учун катта қийинчилик келтиради.

Жавлонбек Қосимовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 8944 2630 онаси Шаҳноза Акбарова номида

 

Икки фарзандни тупроққа қўйган онанинг ёлғиз ўғлида оққон

Бу оиланинг уч фарзандидан фақат биргина Амирбек ота-онаси бағрида яшайди. Бир қизини 7 ёшгача оғир хасталикдан даволатиб тинкаси қуриган онанинг яна бир фарзанди ковид туфайли оламдан ўтди. Икки фарзандни тупроққа берган ота-онанинг кўз қорачиғи бўлган ёлғиз ўғилда эса оққон аниқланган.

“Ота-она учун энг оғир синов – фарзанди дард чекаётганини кўриб туриш. Одам ўзини чўкиб кетаётгандек ҳис қилади, ҳамма нарсадан нажот ахтаради”, — дея ҳолатидан куйинади она.

Амирбек Бекбергановга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0803 7613 1688 онаси Зуҳра Алимова номида

Бир-биридан аянчли тўрт ҳикоя сабаб қалбда шукрона туйганда бу болалар учун дуолар ва озгина ҳимматни аяманг. Зеро эҳсонларимиз бизни дунё ишларида яхшиликларга рўбарў қилиши шубҳасиз.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид