Жамият | 14:05 / 11.05.2022
15810
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда банкомат орқали қалбаки доллар сўмга айирбошланди

Тошкентдаги банкомат орқали қалбаки 2 000 АҚШ доллари сўмга айирбошланди. Uzcard ўтган йилнинг сентябр ойида сохта валюта айирбошлаш ҳолатлари туфайли хизматни вақтинча тўхтатганди.

Фото: KUN.UZ

Яшнобод туманида қалбаки АҚШ долларини банкомат орқали сўмга айирбошлаган фуқаролар аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент. 

Маълум бўлишича, “Ипак йўли банк” амалиёт бошқармасининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаро С.Ф. ва бошқалар ушбу банк филиалига тегишли Паркент кўчасида жойлашган банкомат орқали қалбаки 2 000 АҚШ долларини сўмга айирбошлаб олганликлари аниқланган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини маълум қилди.

2021 йилнинг сентябр ойида UzCard сохта валюта айирбошлаш ҳолатлари туфайли банкоматларда валюта айирбошлашни тўхтатганди.

Компания берган расмий баёнотда UzCard валюта операциялари ишончлилигини таъминлаши кераклиги учун банкоматларда 100 ва 50 АҚШ доллари номиналидаги банкнотларни алмаштириш функциясини вақтинча ўчириб қўйгани ҳақида сўз борганди.

Шунингдек, компания банкоматлар дастурий таъминотини янгилаш бўйича ишлар бошлаганини маълум қилганди. Бироқ банкоматлар орқали валюта айирбошлаш қачон тикланишига ойдинлик киритилмаган эди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январ ойи охирларида банкоматлар орқали валюта айирбошлаш қисман қайта йўлга қўйилган.  

 

Мавзуга оид