Жамият | 22:09 / 12.05.2022
12410
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззахда дўл ёғиб, мева ҳосилига зарар етказган

Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятининг тоғли туманларида ёмғир аралаш дўл ёғиб ўтди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бугун, 2022 йил 12 май куни тушдан сўнг Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятининг тоғли туманларида ёмғир аралаш дўл ёғган.

Жумладан, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани, Самарқанд вилояти Ургут ва Булунғур туманлари, Жиззах шаҳри ҳамда вилоятнинг Бахмал туманларида дўл ёғган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, Шаҳрисабз туманида жойлашган Сарчашма қишлоғида дўл ерни оппоқ қордай қоплаб олган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Ургут туманида ёғган дўл жуда катта ҳудудда меваларнинг қисмини тўкиб ташлаган ва узум ҳосилига қисман зарар етказган.

Бахмал туманининг Музбулоқ тоғли ҳудудида дўл олма ҳосилининг бир қисмига зарар етказган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Шунингдек, Бахмал туманида кузатилган кучли ёғингарчилик туфайли Сангзор дарёсига қуюлувчи сойда кучли сел келган ва Абай қишлоғида жойлашган кўприкка зарар етказган. Оқибатда кўприкдан фойдаланувчи бир нечта қишлоқ аҳолисининг бошқа ҳудудларга чиқиш йўли ёпилиб қолган.

Аввалроқ, 2022 йил 10 май куни кучли сел Сурхондарёда икки кишини оқизиб кетган ва уларнинг жасади 11 май куни топилганди.

Мавзуга оид