Ўзбекистон | 07:34 / 13.05.2022
4422
2 дақиқада ўқилади

Йўл қурилиши соҳасида 3 мингдан ортиқ қоида бузилиш ҳолати аниқланди

2022 йилнинг ўтган даврида йўл қурилиши соҳасида 3 мингдан ортиқ қоида бузилиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзйўлинспекция" ахборот хизмати раҳбари  Комилжон Шамсиддинов маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Назорат қилиш ишлари натижасида 61 та ҳолат бўйича умумий суммаси қарийб 1 млрд 339 млн сўмлик сифатсиз бажарилган қурилиш-монтаж ишлар ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилган. 

Қайд этилишича, Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги 4Р199 автомобиль йўлининг 0-37 километрлари оралиғида ўтказилган жорий таъмирлаш натижасида 129,3 млн сўмлик ишлар сифатсиз бажарилган.

Бундан ташқари, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 53-мактабга олиб борувчи ички йўлни таъмирлашда – 112,9 млн сўмлик, Бухоро вилоятидаги Вобкент ва Ромитан туманлари ҳудудида жорий таъмирлаш натижасида 47,2 млн сўмлик ишлар сифатсиз бажарилгани, талабга мутлақо жавоб бермагани учун ҳисобдан чиқарилган, яъни пули тўлаб берилмайди.

35 та ҳолатдаги 406,33 миллион сўм миқдорида бўлган сифатсиз бажарилган ишлар бартараф этилишига эришилган. Қолган 26 та ҳолатдаги 932,48 миллион сўмлик сифатсиз ишлар масаласи ҳудудий давлат инспекторларининг назорати остига олинган.

Бундан олдин Ўзбекистондаги кўприкларнинг қарийб 6 мингтаси таъмирталаб экани хабар қилинганди.

Мавзуга оид