Ўзбекистон | 09:02 / 15.05.2022
12262
3 дақиқада ўқилади

Паркент туманига сел келди, Юқори Чирчиқда хонадонларга сув кирди

Юқори Чирчиқда содир бўлган кучли ёғингарчилик оқибатида 25 та хонадонга сув кирди.

 

Тошкент вилояти Паркент туманида сел келиши ҳодисаси кузатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 14 май куни соат, тахминан, 17:50 да Тошкент вилояти Паркент тумани Чанги қишлоғида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши оқибатида сел оқими ҳосил бўлган.

Сойларда сел сувларини тўлиб оқиши, ички ариқлар қувурларига шох-шабба ва тоғ жинсларининг тиқилиб қолиши оқибатида ички кўчаларга ва аҳоли томорқаларига сел сувларининг тошиши ҳолатлари кузатилди.

Юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти, қутқарув бўлинмалари, туман йиғма механизациялаштирилган отряди техникалари, ҳамда ФВДҚТнинг тегишли хизматлари куч ва воситалари томонидан ҳолат оқибатлари бартараф этилмоқда.

Аҳоли хонадонлари, ички кўчаларда тўпланаётган сувларни чиқариб ташлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида ҳам кучли ёғингарчилик кузатилганини хабар қилди.

Фото: ФВВ

Маълум қилинишича, 14 май куни соат 18:20 ларда Тошкент вилояти ҳудуди бўйлаб қисқа муддатда кучли ёмғир ёғиши натижасида вилоятнинг Юқори Чирчиқ тумани «Навбаҳор» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Яйилмасой ўзанида ёмғир сувлари тошиши содир бўлган. Бунинг оқибатида Обод турмуш кўчасида жойлашган, тахминан, 25 та аҳоли хонадони, томорқа ер майдонларига сув кириши кузатилган.

Содир бўлган ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишларига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлими, Юқори Чирчиқ тумани Фавқулодда вазиятларда давлат тизимига кирувчи корхона ва ташкилотларнинг куч воситалари жалб этилиб, аҳоли хонадонларида сув тортиш ишлари олиб борилди. Ҳозирда тошқин сувлари талафотлари бартараф этилган.

Фото: ФВВ

Юзага келган ҳодиса оқибатида «Навбаҳор» маҳалласи Обод турмуш кўчаси ҳудудидаги пойдеворга эга бўлмаган хом ғиштдан қурилган хонадон биносига зарар етган.

Мазкур ҳолат оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиши ва уй ҳайвонлари нобуд бўлиши тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид