Ўзбекистон | 10:58 / 19.05.2022
18074
2 дақиқада ўқилади

Фото: Минг йиллик чинорлари кўкка бўй чўзган Ургут

Ўзбекистондаги ҳар бир ҳудуднинг ўз ташриф қоғози бор. Ургутнинг ташриф қоғози – бу минг йиллик чинорлар, зилол сувли булоқлар ва туман ҳудуди бўйлаб қад ростлаган тоғлар ҳисобланади. Kun.uz мухбири Ургутда бўлиб, унинг диққатга сазовор жойларини кадрга муҳрлади.

Фото: Kun.uz

Ургут тумани Ўзбекистоннинг бетакрор табиатга эга ҳудудларидан бири ҳисобланади. Туманнинг жанубий қисмида 50-60 километр масофада Зарафшон тоғ тизмаси жойлашган. Бу тизма Ургут туманини Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ва Тожикистон Республикаси Суғд вилоятига қарашли Панжакент туманидан ажратиб туради. Туманнинг шимолий чегараси Зарафшон дарёсига бориб туташади.

Ургут туманида «Чор чинор» зиёратгоҳи ўзининг минг йиллик чинорлари билан машҳур. Шунингдек, Омонқўтон тоғ массивида ноёб дарахтлар ва ўсимликлар дунёси бор. Бу ерда ўсадиган Омонқўтон лоласи дунёнинг бошқа жойларида учрамайди. Шунингдек, туманнинг Қоратепа масканида ноёб тошлар бор. 1973 йилда собиқ ГДРнинг ДЕФА киностудияси томонидан суратга олинган «Апачилар» филмининг бир қисми ана шу ерда тасвирга олинган.

Ургут азалдан тадбиркорлар ва ҳунармандлар юрти ҳисобланади. Бу ерда йирик ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи усталар ва корхоналар ҳам бор.

Туманда асосан узум ва турли сабзавотлар етиштирилади. Ургутда етиштирилган узумдан қуритилган турли навдаги майизлар бугун дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қилинади.

Туманда ҳар бир қарич ер ҳисобли бўлгани учун, одамлар баланд қир-адирлар тепасигача узумзор боғ қилишган.

Матн ва суратлар муаллифи — Ғайрат Йўлдош 

Мавзуга оид