Жаҳон | 17:46 / 20.05.2022
33944
9 дақиқада ўқилади

«Азов» жангчиларини нима кутмоқда — алмашув ёки Россия суди?

Фото: Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мариупол мудофаасида қатнашиб, асир тушган украин ҳарбийлари тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Кремлпараст манбаларда «Азов» полки жангчиларини қаттиқ жазолаш бўйича талаблар янграмоқда - Россия пропагандаси уларни «нацист жиноятчилар» деб атайди. Аммо Украинада ҳам кўплаб россиялик ҳарбий асирлар бор, уларнинг кўпчилиги ўта оғир жиноятларда гумонланмоқда, шунинг учун украинлар ҳам худди шу тарзда жавоб қайтариши мумкин. Москва ва Киев ҳарбий асирлар муаммосини қандай ҳал қилмоқчи?

19 май куни Россия мудофаа вазирлиги «Азовстал» мудофаасида қатнашган украин ҳарбий асирлари акс этган янги видеони намойиш этди.

Россия томони маълумотига кўра, 16 майдан буён (ўшанда заводдан ярадор жангчиларни олиб чиқиш бўйича келишувга эришилганди) 1730 нафар ҳарбий таслим бўлгани, шундан 80 нафари оғир ярадорлар экани айтилади. 20 май куни Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу заводдан 1908 нафар украин «миллатчи» чиққани, яна 177 киши тинч аҳоли вакиллари эканини маълум қилди. Завод ичида яна қанча ҳарбий қолгани номаълум. Ҳозирча юқори лавозимли ҳарбийлар таслим бўлишмаган.

Россия нашрлари оғир ярадорлар Мариуполдан шарқда, Россия чегараси яқинида жойлашган Новоазовск шаҳарчасидаги шифохонага жойлаштирилганини маълум қилган.

Ҳарбий асирларнинг аксари Донецк яқинидаги Оленивка посёлкасидаги қамоқхонага жўнатилмоқда - Мариупол мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченконинг маълумотига кўра, бу ерда фильтрация жараёнидан ўта олмаган уч-тўрт минг атрофидаги мариуполликлар ҳам сақланмоқда.

ОАВ маълумотига кўра, «Азовстал» мудофаасидагиларнинг 89 нафари Россия ҳудудига олиб ўтилган ва Таганрогдаги изоляторга жойлаштирилган.

Украин ҳарбийларини олиб кетаётган автобуслар колоннаси, 17 май.
Alessandro Guerra / EPA / Scanpix / LETA

Қисқача тарихи

Мариупол март ойи бошида россиялик ҳарбийлар томонидан ўраб олинганди. Шаҳар Миллий гвардиянинг «Азов» полки жангчилари, денгиз пиёдалари, чегарачилар, ҳудудий мудофаа кучлари ва полициячилар томонидан мудофаа қилинди. Мариупол мудофааси Россия армиясининг йирик бўлинмаларини шу ерда ушлаб туришди ва бу украин ҳарбийларига вақтдан ютишда имкон берди - янги мудофаа чизиқлари ва захира кучлари тайёрлаш учун.

Апрел ойи охирида россиялик ҳарбийлар шаҳарнинг катта қисмини эгаллашди, украин ҳарбийлари (улар билан бирга тинч аҳоли вакиллари) «Азовстал» заводида қамалда қолди. Уларга қарши танклар ташланди, ҳудуд оғир артиллерия ва авиациядан ўққа тутилди, аммо қаршилик давом этди.

Комбинат мудофаачилари корхона ҳудуди остидаги ертўлалар антисанитар ҳолатда экани, дори-дармон, сув ва озиқ-овқат тугагани, 600 нафар атрофида ярадорлар борлигини маълум қилди.

17 майга ўтар кечаси Украина қуролли кучлари Бош штаби «Азовстал»даги ҳарбийларни «қутқариш амалиёти» ҳақида эълон қилди. Идора баёнотида оғир ярадор бўлган 53 киши Новоазовскдаги шифохонага, яна 211 нафар ҳарбий хизматчи - Оленивкага олиб кетилганини маълум қилди.

«Мариупол» гарнизони берилган ҳарбий топшириқни бажарди. Олий ҳарбий қўмондонлик томонидан Азовсталдаги бўлинмалар командирларига шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолиш буйруғи берилганди… «Азовстал» ҳудудида қолаётган ҳимоячиларни қутқариш бўйича чора-тадбирлар давом этмоқда», — дейилади Бош штаб баёнотида. Ҳарбийлар «алмашув жараёни орқали» Украинага қайтарилиши айтилди.

Володимир Зеленский ўз видеомурожаатида «украин қаҳрамонлари Украинага тирик ҳолда кераклиги», уларни қайтариш ишлари «эҳтиёткорлик ва вақт талаб этиши»ни таъкидлади.

Алмашувга ким қарши?

Ҳарбий асирлар ва тутиб турилган тинч аҳоли вакиллари алмашинуви кенг тарқалган амалиётдир. Қоидага кўра, ҳарбий можаро вақтида алмашув «бирга бир» ҳисобида амалга оширилади, аммо юқори мартабали ҳарбий асирликка тушган бўлса, иккинчи томон кўпроқ нарса талаб этиши мумкин.

Ҳарбий ҳаракатлар якунланиб, тинчлик сулҳи тузилгач эса алмашув одатда «барчага барчани» принципи бўйича кечади. Бу қоида фақат томонлардан бири сўзсиз таслим (капитуляция) бўлган тақдирда ишламаслиги мумкин.

Украиналик ҳарбийлар Мариуполни март ойи бошидан буён ҳимоя қилаётганди. Фото: Getty Images

Россиялик уруш тарафдорларига алмашув ғояси ёқмаяпти. 2014 йилда Донбассда бўлиб ўтган уруш қатнашчиси, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХРнинг собиқ мудофаа вазири Игор Гиркин (Стрелков) ўз телеграм-каналида шундай ёзади: «Хабарларга кўра - капитуляция рўй бермади, балки навбатдаги шармандали келишув тузилди. Якунларни кутамиз. Агар «Азов қаҳрамонлари» яқин кунларда Киевда гулларга бурканадиган бўлса - буни зараркунандалик ва аҳмоқликнинг яна бир ғалабаси сифатида баҳолаш мумкин».

«ПриZрак Новороссии» телеграм-канали янада радикал фикр билдирди - у Мариупол мудофаасидаги «Азов» полкини асосий мақсади «рус/совет одамларини йўқ қилиш» бўлган «мафкуравий-русофоб бўлинма» деб атади.

Унинг муаллифлари очиқчасига асирга тушганларнинг ҳеч бирини тирик қолдирмасликка, ўлдиришдан олдин уларни намойишкорона қийноққа солишга чақирди.

Россиялик қатор сиёсатчилар ҳам алмашувга қаршилик билдирган. 17 май куни «Справедливая России - За правду» фракциясидан Давлат думаси депутати бўлган Анатолий Вассерман «нацист жиноятчилар»ни алмашишни тақиқловчи қарор ёки қонун қабул қилишни таклиф этди.

Вассерман украиналик ҳарбий хизматчилар қайси мезонларга кўра украиналик ҳарбийлар нацист жиноятчилар деб таснифланиши кераклигига аниқлик киритмаган, аммо Дума спикери Вячеслав Володин бу ғояни қўллаб-қувватлаган ва мудофаа ва хавфсизлик соҳаси бўйича қўмитани бу масалага жалб этган.

Бундай қарор лойиҳасини 18 май куни кўриб чиқиш режалаштирилганди, аммо буни нимадир тўхтатиб қолди - Дума Вассерманнинг ташаббусини муҳокама қилмади.

Тинчлик музокараларида Россия делегацияси таркибида бўлган депутат Леонид Слуцкий эса «Россияда ўлим жазосига мораторий қўйилган бўлса-да, истисно қилиш ва судга олий жазо қўллаш имкониятини бериш» ҳақида гапирганди.

«Коммерсантъ» маълумотига кўра, Москвада чиндан ҳам украиналик ҳарбийларни алмашув бўйича режа йўқ ва Россия ҳукумати алмашув бўйича музокараларга жон куйдирмоқчи эмас.

18 май куни Федерация Кенгашининг Конституциявий қонунчилик ва давлат қурилиши қўмитаси раҳбари Андрей Клишас телеграм-каналида «Азов»га мансуб бўлган барча неонацистлар Донецк ва Луганск халқ республикаларида содир этилган жиноятлар учун судланиши кераклиги»ни ёзди.

Нашр маълумотига кўра, парламентнинг қуйи палатасидагилар ҳам бундай ёндашувни маъқуллайди.

Бундан ташқари, РФ бош прокуратураси Олий суддан «Азов»ни террорчи ташкилот сифатида тан олиш ва Россияда унинг фаолиятини тақиқлашни сўраган.

Аввалроқ ДХР раҳбари Денис Пушилин украин ҳарбийлари тақдирини суд ҳал қилишини айтганди.

«Жараён жуда нозик»

Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Малярнинг ҳисоблашича, россиялик сиёсатчиларнинг «азовчилар»ни алмашиш имкони йўқлиги ҳақидаги баёнотлари фақат ички пропаганда учун мўлжалланган.

«Ушбу қутқарув амалиёти ва музокаралар давомида у ердан турли кучларга мансуб бўлган турли одамларнинг турли баёнотларини эшитмоқдамиз. Шунинг учун биз уларни Россиянинг ички истеъмоли учун пропаганда мақсадига қаратилган сиёсий баёнотлар сифатида қабул қилишимиз керак», деди Маляр.

«Музокаралар давом этмоқда, чунки қутқарув амалиётининг ўзи бир неча мураккаб босқичлардан иборат. Бу жараён жуда нозик. Биз оммавий эълон қиладиган ҳар қандай маълумот жараённинг ўзига ва ҳимоячиларимизга зарар етказиши мумкин», деган у.

Украинада ҳам кўплаб россиялик ҳарбий асирлар бор ва Украина ҳукумати ҳам уларни ҳарбий жиноятлар содир этишда (тинч аҳоли вакиллари ёппасига ўлдирилиши, зўравонлик ва талончиликда) айблаб суд қилиши мумкин.

Бундай суд жараёнларидан биринчиси Киевда бошланиб кетган - россиялик 21 ёшли сержант Вадим Шишимарин Суми областида қуролсиз тинч аҳоли вакилини ўлдиришда айбланмоқда. Суд давомида россиялик ҳарбий хизматчи айбига иқрор бўлган, у умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Мавзуга оид