07:45 / 20.05.2022
7299

Ўзбекистонда ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда

Фото: Shutterstock

Молия вазирлиги 2022–2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси лойиҳасини муҳокамага қўйилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида қуйидаги асосий ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

1. Ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш:

а) Фуқароларни касаллик, ҳомиладорлик, бахтсиз ҳодиса, иш ўринларининг қисқариши ва шу каби бошқа ҳолатларда даромадсиз қолишдан кафолатлаш мақсадида ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади.

б) аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси уларнинг суғурта стажи ва иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб, ижтимоий суғурта жамғармасидан тўланади.

2. Давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам самарадорлигини ошириш:

а) ижтимоий ёрдамдан оилани камбағаллик ҳолатидан чиқаришга қаратилган восита сифатида фойдаланиш мақсадида давлат томонидан берилаётган кам таъминланган оилаларга болалар нафақаларини ижтимоий шартнома тузиш орқали тақдим этиш тизимини йўлга қўйилади. Ижтимоий шартнома тизимида давлат томонидан ижтимоий ёрдам олаётган фуқаро маълум бир ижтимоий мажбуриятни зиммасига олади;

б) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимини давлат томонидан кўрсатилаётган барча турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматларнинг ягона маълумотлар базасига айлантириш.

Бунда, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаларидан йўналтирилаётган маблағларнинг шаффофлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида учта жамғарма негизида “Оила, аёллар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ташкил этилиб, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими билан интеграция қилинади.

3. Ижтимоий хизматларни мустаҳкамлаш:

а) аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда маҳалла даражасида ишларни олиб бориш механизмини йўлга қўйиш, яъни оиланинг умумий ҳолатидан келиб чиқиб, уни ҳаётий қийин вазиятдан чиқариш бўйича комплекс ёндашув асосида ижтимоий ёрдам ва хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади;

б) давлат томонидан тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматлар (санаторийга йўлланма бериш, протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш ва бошқалар) рўйхати белгиланади. Шу билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар бир ижтимоий хизматнинг ҳажми, даврийлиги ва ким томонидан амалга ошириш стандартлари ишлаб чиқилади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, бюджет маблағлари ҳисобидан 2022 йилда 170 млрд сўм миқдоридаги қўшимча харажат талаб этилади. Ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида қўшимча ҳисоб-китоблар амалга оширилади.

Top