Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчининг қонуний вакили институти жорий этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 17 апрель куни аҳолини, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва сифатини ошириш, шунингдек, бу соҳадаги қонунчилик базасини янада такомиллаштиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Тақдимотда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган янги ташаббуслар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, шахсни ногиронлик белгиси бўйича камситиш учун жавобгарликни кучайтириш, суд қарорларини ногиронлиги бўлган шахслар учун мақбул шаклда тақдим этиш, ижтимоий хизмат ва кафолатларни ягона Ижтимоий реестр асосида манзилли йўналтириш назарда тутилмоқда.
Кундузги парвариш хизматларини ривожлантириш ҳам муҳим йўналиш сифатида қайд этилди. 3-18 ёшгача ногирон фарзандини кундузги парвариш хизматига берган ота-оналар учун ушбу хизматга ҳар ойда тўланадиган 3 миллион сўмгача бўлган маблағни даромад солиғидан, давлат-хусусий шериклик асосида ногирон болаларга кундузги парвариш хизматини кўрсатаётган тадбиркорларни эса 2030 йилгача солиқлардан озод қилиш кўзда тутилмоқда. Бугунги кунда бундай хизматлар 396 та тадбиркор томонидан йўлга қўйилган бўлиб, улар 4,4 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган болага хизмат кўрсатмоқда.
Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга тоифаларни кенгайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, I гуруҳ ногирони бўлган шахслар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи бир нафар шахсга, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга мазкур ҳуқуқни татбиқ этиш таклиф қилинмоқда.
Тақдимотда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёлларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган янги механизмлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, уларни алоҳида мурожаатсиз, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари талабномаси асосида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олиш, ишга жойлаштириш хизматларини кўрсатиш ва натижалар бўйича тезкор ахборот алмашиш тартибини жорий этиш режалаштирилган.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва вояга етмаганларга нисбатан зўравонликнинг айрим шаклларига қарши курашиш соҳасида ҳам қонунчиликни кучайтириш масаласи кўриб чиқилди. Уларга кўра, вояга етмаганлар тасвирланган порнографик материалларни тарқатиш мақсадида сақлаганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарликни белгилаш, шу каби ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганда жиноий жавобгарликни қўллаш, интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали 16 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этганлик учун жазони кучайтириш назарда тутилган. Вояга етмаганлар тасвирланган порнографик маҳсулотларни тарқатиш мақсадида республикага олиб кирганлик, бундай маҳсулотни тайёрлаганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёки вояга етмаганни порнографик ҳаракат ижрочиси сифатида жалб этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, вояга етмаган гувоҳ ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг қонуний вакили институти жорий этилмоқда ва сўроқ қилишнинг аниқ вақт меъёрлари белгиланмоқда.
Тақдимотда Жиззах вилоятида “ислоҳотлар штаби” томонидан маҳаллаларнинг солиштирма устунликларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган лойиҳалар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Давлат раҳбари ижтимоий ҳимоя соҳасидаги янги механизм ва таклифларни маъқуллаб, тегишли қонун ҳужжатларини имзолади.
Мавзуга оид
10:24 / 24.05.2026
$57 миллионлик эзгу ташаббус ва ИИВдаги икки хил стандарт — ҳафта дайжести
20:24 / 08.05.2026
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Хотира ва қадрлаш куни билан табриклади
17:37 / 08.05.2026
Президент Хотира кунига бағишланган тадбирларда иштирок этди, фахрийлар ҳолидан хабар олди
18:21 / 07.05.2026