Тақдимотда руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, бу борада асосий мақсад – уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирокини таъминлаш, оила муҳитига яқин шароитда комплекс хизматлар кўрсатиш, шунингдек, парвариш билан банд бўлган оилаларни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Хусусан, 2026 йил 1 июнга қадар ривожланишида нуқсонлар аниқланган 3 ёшгача бўлган болалар учун илк бор “Эрта аралашув” хизмати босқичма-босқич жорий этилади. Ушбу хизмат орқали махсус педагоглар ва даволовчи жисмоний тарбия йўриқчилари иштирокида болаларга коррекцион-педагогик ёрдам, нутқ ва жисмоний ривожлантириш машғулотлари кўрсатилади. Хизмат нодавлат ташкилотлар томонидан махсус электрон реестр асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, анатомик нуқсонлар билан туғилган болаларнинг қўшимча тиббий текширув ва жарроҳлик харажатлари Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳисобидан қопланади.

Руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳам 2026 йил давомида босқичма-босқич янги ижтимоий хизматлар жорий этилади. “Янги кун” кундузги қараб туриш хизмати, уй шароитида қараб туриш хизмати, кичик ҳажмли “Мадад” уйи хизмати ва “Ижтимоий таътил” қисқа муддатли жойлаштириш хизмати йўлга қўйилади. Бу хизматлар қараб туриш ва парвариш қилиш, кундалик ҳаёт кўникмаларини шакллантириш, маиший ишларга ўргатиш, касб ва молиявий ҳисоб-китоб кўникмаларини ривожлантириш орқали оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлади.

Мазкур янги хизматлар давлат-хусусий шериклик асосида ва зарур талабларга жавоб берадиган нодавлат ташкилотлар томонидан кўрсатилади. Бу орқали 2026 йилда 8,3 минг нафар руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд шахсни янги хизматлар билан қамраб олиш, 600 тагача нодавлат ташкилот ва якка тартибдаги тадбиркорларни ижтимоий хизмат кўрсатишга жалб этиш режалаштирилган. Янги хизматлардан фойдаланиш билан боғлиқ харажатлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия шаклида қоплаб берилади.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб 18 ёшдан катта чуқур даражадаги ақлий заифлик ташхиси қўйилган шахсларнинг парвариши билан банд бўлган қонуний вакиллар учун ҳар ойлик янги парваришлаш нафақаси жорий этилади.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ваколатлари ҳам кенгайтирилади. 2026 йил 1 июндан бошлаб уларнинг ходимлари туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик комиссиялари таркибига киритилади. Шунингдек, руҳий ҳолатида бузилишлари мавжуд шахсларга тайинланган васий ва ҳомийлар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши, ушбу шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари, мол-мулкининг муҳофазаси, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари мунтазам мониторинг қилиб борилади.