Вилоят ҳокимларига саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди
Вилоят ҳокимларига бир ой муддатда 40 та саноат зонасидаги 120 километр йўл бўйича пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини бошлаш топширилди.
Президент раислигида саноат зоналари ва йирик инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ масалаларга бағишланган йиғилиш бошланди.
Жорий йилнинг ўзида 2 мингта лойиҳани амалга ошириш, 110 мингта янги иш ўрни яратиш ва 1 миллиард доллар қўшимча экспортни таъминлаш учун имкониятлар борлиги таъкидланди.
Ўтган беш йилда 19 та эркин иқтисодий зона (унгача атиги 3 та бор эди) ва 400 дан зиёд кичик саноат зонаси ташкил этилиб, уларда 10 триллион сўмлик 1 мингдан ортиқ лойиҳа ишга туширилди.
Натижада 100 мингта иш ўрни яратилиб, йилига қўшимча 45 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарила бошланди.
Шунингдек, саноат зоналаридаги корхоналар йилига 750 миллион долларлик экспорт ва 1 триллион сўмдан зиёд солиқ тушумларини таъминламоқда.
«Асосийси, ҳар бир туманга саноат кириб борди, олис ва чекка ҳудудларда янги ишлаб чиқаришлар пайдо бўлмоқда», деди президент.
Хусусан, беш йил аввал саноат умуман бўлмаган 11 та туманда 205 та янги корхона иш бошлаб, бугунги кунда уларда саноат ҳажми 2 баробар ошди.
Йиғилишда саноат зоналарини ривожлантириш борасида ҳудудларда қилинадиган ишлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, 96 та кичик саноат зонасининг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани боис уларда 3,5 триллион сўмлик 648 та тайёр лойиҳалар бошланмасдан тургани таъкидланди.
Худди шундай, саноат зоналари майдонларининг 37 фоизи электр, сув, газ, йўл ва канализация билан таъминланмагани танқид қилинди.
Шунингдек, саноат зоналарида лойиҳаларни бошлаш учун тадбиркорлар 5 та босқичли жараёндан ўтиб, 10 турдан ортиқ ҳужжатларни тақдим этиши лозим (бунга 3 ойгача вақт сарфланмоқда).
Оқибатда ҳозирда Бухорода 10 та, Тошкент вилоятида 5 та, Самарқанд ва Фарғонада 1 тадан лойиҳа бошланмай турибди.
«Биз Тараққиёт дастуримизда келгуси беш йилда саноатни 1,4 бараварга оширишни мақсад қилганмиз. Бу – жуда катта марра.
Шунинг учун, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими янги ташаббуслар кўрсатиши, тадбиркорларни топиб, лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ўзларининг аниқ режаларига эга бўлишлари зарур», деди давлат раҳбари.
Бугунги йиғилишда қабул қилинадиган қарорлар билан керакли шарт-шароитлар яратиб берилиши таъкидланди.
Энг аввало, саноат зоналарида бўш турган 6,6 минг гектар майдоннинг электр, сув, йўл ва бошқа инфратузилма масалалари ҳал қилиб берилади.
Президент топшириғига асосан махсус ишчи гуруҳ саноат зоналарининг инфратузилмасини хатловдан ўтказди ва туманма-туман лойиҳалар рўйхатини шакллантирди.
Шу муносабат билан мутасаддилар, вилоят ҳокимларига:
- бир ой муддатда 40 та саноат зонасидаги 120 километр йўл бўйича пудратчиларни аниқлаб, қурилиш ишларини бошлаш;
- 1 октябрга қадар 246 та саноат зонасини электр тармоғи, трансформатор ва подстанциялар билан таъминлаш;
- жорий йилда 200 та саноат зонасида 555 километр сув тармоғи ва 110 та сув иншоотини қуриб якунлаш топширилди.
Умуман, саноат зоналари инфратузилмасини яхшилаш учун жорий йилда 1,5 триллион сўм ёки 2021 йилга нисбатан 2 баравар кўп маблағ ажратилиши белгиланди.
Йиғилишда ҳокимларнинг ажратилаётган маблағлар ҳисобидан иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз экани қайд этилиб, бир ҳафта муддатда ушбу режаларни ажратилаётган маблағларга мос равишда қайта кўриб чиқишга топшириқ берилди.
Умуман, вилоят ҳокимлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йил якунига қадар саноат зоналарида 2 мингта янги лойиҳани ишга тушириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Вилоят ҳокимлари олдига бу лойиҳалар ҳисобига қўшимча 110 мингта иш ўрни яратиш, 17,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, камида 1 миллиард долларлик экспорт қилиш учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, инфратузилмаси ҳал этилган саноат зоналарида 1 мингдан зиёд янги лойиҳага етадиган ер майдонлари мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.
Икки ой муддатда 174 та махсус зонада камида 250 та ер майдонини аукционга чиқариб, лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди.
Мавзуга оид
18:36 / 15.11.2024
Бу йил қишда истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган
21:17 / 14.11.2024
ССВ ҳузурида «Харидлар маркази» ва унинг 13 та ҳудудий филиали ташкил этилади
16:20 / 14.11.2024
“Иқлим ўзгариши муаммоларини айниқса Марказий Осиёда ўткир ҳис қиляпмиз” — Шавкат Мирзиёев
14:37 / 13.11.2024