Ўзбекистон | 18:36 / 15.11.2024
3292
2 дақиқада ўқилади

Бу йил қишда истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган

Президент Шавкат Мирзиёев 15 ноябр куни аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан узлуксиз таъминлаш, соҳа корхоналарида самарадорликни ошириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унда мутасаддилар амалга оширилган ишлар, куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик тўғрисида ахборот берди.

Бу йил қиш мавсумида истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш ҳисоб-китоб қилинган. Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетса, аҳоли эҳтиёжи янада ошади. Мутасаддилар бу борадаги режаларни ойма-ой ва туманлар кесимида баён этди.

Ижтимоий муассасалар ва корхоналарни энергия билан узлуксиз таъминлаш учун алоҳида захира инобатга олинган. Ушбу табиий газни иссиқлик электр станциялари, кимё ва металлургия корхоналари, газ қуйиш шохобчаларига манзилли етказиш бўйича тизим ташкил этилган.

Тармоқларда газ ҳисоби ва назорати бўйича бошланган ишларни қатъий давом эттириб, йўқотишларни янада камайтириш мумкинлиги таъкидланди. Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида газни тежаш бўйича аниқланган имкониятларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга ишни туман ва маҳаллалар миқёсида ташкил этиб, энергия таъминоти билан боғлиқ масалаларни жойида ҳал қилиш, талаб ва истеъмолни мувофиқлаштириб, узилишларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берди.

Йиғилишда газ соҳасидаги трансформация жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди. Тармоқ корхоналари халқаро молия бозорига чиқиб, модернизация учун маблағларни мустақил жалб этиши белгиланди.

Газ тармоқларини янгилаш ва тартибга солишда энг катта имконият – рақамлаштириш ва хусусий шериклик. Шу нуқтаи назардан, тармоққа хусусий операторларни жалб қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Президент ҳар бир тармоқ ва унинг корхоналари кесимида таннархни камайтириш, харажатни мақбуллаштириш ва трансформация жараёнини тезлаштириш бўйича топшириқлар берди. Етакчи хорижий компанияларни жалб этиб, геология-қидирув ишларини кенгайтириш муҳимлиги айтилди.

Мавзуга оид