08:05 / 28.05.2022
21666

Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар сайланди

Жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда федерацияга янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масала бўлди.

Фото: МОҚ

Тадбирда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари, спортчи ва мураббийлар иштирок этишди. Йиғилишда дастлаб шу давргача Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимида ишлаб келган Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра ёзган аризаси кўриб чиқилди ва делегатлар томонидан қабул қилинди.

Фото: МОҚ

Шундан сўнг йиғилиш кун тартибидаги асосий масалага ўтилди. Унда “Kapitalbank” АТБ кузатув кенгаши раиси Мақсуд Абдусаматовнинг номзоди Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси лавозимига таклиф этилди ва конференция иштирокчилари томонидан бир овоздан маъқулланди. Шу тариқа Мақсуд Абдусаматов Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раиси этиб сайланди.

Фото: МОҚ

Сўнг кун тартибига мувофиқ, Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги бош котиб сайланди. Унга кўра, ушбу вазифада фаолият кўрсатиб келган Гулнора Саидова мазкур лавозимга қайта сайланди.

Конференция иштирокчилари Рустам Шоабдураҳмоновнинг бошқаруви даврида Олимпия ўйинларига илк бор 3 та лицензия қўлга киритилганини алоҳида таъкидлаб ўтган. 

Top