Жамият | 18:10 / 29.05.2022
22148
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 72 ёшли беморга «келажак авлод аорта клапани» ўрнатилди

Тошкент шаҳридаги замонавий клиникалардан бирида ноёб кардиожарроҳлик операцияси ўтказилди. Бор-йўғи етти сантиметрлик кичик кесма орқали кам инвазив усулда ва оғир жароҳатларсиз 72 ёшли беморнинг аорта клапани алмаштирилди.

Кам инвазив муолажа — тиббиётда янгилик эмас. Аорта клапанини алмаштириш амалиёти ҳам кардиохирургияда кўп йиллардан бери мавжуд. ССВ матбуот хизмати бу жарроҳлик амалиётнинг ўзига хосликлари ҳақида маълумот берди.

«Биринчи янгилик — беморнинг аортасига ўрнатилган мосламада. Уни «келажак авлод клапани» ёки «чок тикилмайдиган клапан» (аортага тикилмайди!) деб аташ мумкин. Ушбу мослама организмда 10-15 йил бенуқсон ишлайди. Асоратлари эса жуда кам. 

Иккинчи янгилик — мазкур клапанни ўрнатиш учун анъанавий операциядаги сингари танани очиб, 1,5-2 соат давомида юракни тўхтатиб қўйиш шарт эмас. Бу жараён учун атиги 10-15 дақиқа кифоя. 

Учинчи янгилик — операциядан бир кун ўтибоқ бемор бемалол юра олади. Жароҳатлар битиши учун жуда кам вақт талаб этилади. «Ёнбошламанг», «Қимирлаш мумкин эмас», «Ўзингизни зўриқтирманг», деган тақиқлар бўлмайди. Бемор аввалгидек «суягим битсин» деб ойлаб корсет тақиши ҳам шарт эмас. Қисқа қилиб айтганда, реабилитация жараёни тез ва осон кечади.

Ниҳоят тўртинчи ва муҳим янгилик — бундай мураккаб ва ноёб операцияларни ўтказишга барча кардиохирурглар ҳам жазм эта олмайди. Юксак билим ва салоҳият ҳамда кўп йиллик тажриба бу жараёнда ҳал қилувчи аҳамият касб этади», дейилади вазирлик хабарида.

Ушбу юқори технологик амалиётга Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган малакали кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков бошчилик қилди.

Шифокорнинг қайд этишича, у мамлакатдаги фаолияти давомида 4,5 мингдан зиёд операцияларда иштирок этди. Аммо улардан 28 таси Ўзбекистонда илк бор бажарилган ноёб амалиётлар ҳисобланади.

Бугунги операция ҳам Ўзбекистонда ҳали оммалашиб улгургани йўқ. Бироқ шифокор-олим яқин йилларда «келажак авлод клапанлари» юртимизда минглаб беморларнинг умрига умр қўшишига ишонч билдиради.

«Авваллари мамлакатимизда бундай инсонлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Қолаверса, дунёнинг энг ривожланган давлатлари клиникаларида ҳам бу сингари операциялар ҳар доим муваффақиятли ўтказилмаган. Энди эса Ўзбекистон тиббиёти янги босқичга кўтарилиши, хусусан, кардиохирургия соҳасига илм-фаннинг сўнгги ютуқлари кенг татбиқ этилиши юртдошларимизни узоқ йўл босиб, катта маблағ сарфлаб хорижий мамлакатларда даволаниш ташвишидан халос этди. 

Ҳозир тиббиёт муассасаларимизнинг моддий-техник имкониятлари бир неча ўн баробар ошган, десак муболаға бўлмайди. Юқори технологик операциялар нафақат Тошкент, балки вилоятлар ва ҳатто туман марказларида ҳам муваффақиятли бажариляпти. Хорижда йўлга қўйилган илғор муолажа усуллари қисқа муддатда мамлакатимизда ҳам татбиқ этилмоқда.    

Бугунги амалиётга келсак, беморимизнинг ёши катта, қолаверса, хасталиги оғир босқичга ўтган эди. Клиникамизга мурожаат қилганидан сўнг, унга дегенератив юрак касаллиги, аорта клапанининг стенози 2-3 даражаси, аорта клапани етишмовчилигининг 2-даражаси ҳамда митрал етишмовчилигининг 1,5-даражаси ташхиси қўйилди. 

Шундан сўнг ҳамкасбларимиз билан маслаҳатлашиб, мазкур мураккаб операцияни ўтказишга қарор қилдик. Ҳозир унинг аҳволи яхши», дейди шифокор.

Узоқ йиллик хавфли хасталикдан саноқли дақиқалар ичида халос бўлган Мавлуда ая бундай мураккаб операциялар Ўзбекистоннинг ўзида амалга оширилаётганидан мамнунлигини билдирди. 

«Саккиз-тўққиз йилдирки, юқори қон босимидан азият чекаман. Уч йил аввал қандли диабет касаллиги ҳам пайдо бўлди. Тез-тез муолажа олиб тураман. Аммо аҳволим борган сари оғирлашаётган эди. Сўнгги ойларда эллик қадам юрсам ҳам, нафасим сиқадиган бўлиб қолди. Юрак соҳамда оғриқлар кучайди.

Танишларим «Германия, Туркия, Ҳиндистонда яхши шифохоналар бор, ўша ерда операция қилишади» дейишди. Лекин нархи жуда қиммат экан. Сўраб-суриштирсак, ҳозир деярли ҳеч бир юртдошимиз юрак-қон томир амалиётлари учун чет элга даволанишга бормаётган экан. Барча мураккаб операцияларни ўзимизнинг шифокорлар муваффақиятли ўтказаётганини эшитиб, хурсанд бўлдим. 

Дўхтир укамиз Рустамжон барака топсин, қўли енгил шифокор экан. Мана, кўриб турганингиздек, операциядан кейин ўзимни тетик ҳис қиляпман. Бир неча кунда бутунлай соғайгач, уйга рухсат ҳам беришаркан», дейди онахон. 

 

Мавзуга оид