Миллий тиббиёт марказида Ўзбекистонда илк марта ноёб жарроҳлик амалиёти бажарилди
Миллий тиббиёт марказида Трансплантология ҳамда Интервенцион ва эндоваскуляр хирургия бўлимлари ҳамкорлигида Ўзбекистон тарихида биринчи марта ноёб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли амалга оширилди.
53 ёшли беморга аорта ёйи аневризмаси қатламланишини эндопротезлаш ҳамда чап уйқу артериясини ўнг уйқу артериясига шунтлаш бўйича икки мураккаб жарроҳлик усули бир вақтнинг ўзида қўлланди.
Аорта ёйи аневризмасининг эндопротезлаш усули
Ушбу усул давомида беморнинг аорта деворидаги заифлашган ва қатламланган қисми махсус стенограф ёрдамида эндопротез орқали мустаҳкамланди. Аорта ёйи аневризмаси қатламланиши аортанинг ёрилиш хавфини келтириб чиқарадиган оғир ҳолат ҳисобланади.
Жараён давомида инвазив бўлмаган, яъни катта кесиклар қилинмасдан, эндопротез аорта ичига жойлаштирилиб, қон оқими тикланди ва беморнинг ҳаёти хавфсизлиги таъминланди.
Чап уйқу артериясини ўнг уйқу артериясига шунтлаш
Трансплантологлар томонидан бажарилган ушбу мураккаб жарроҳлик усули артериал қон айланишини тиклашга қаратилди. Шунтлаш усули юқори аниқликни талаб қилади. Амалиёт давомида қон таъминоти муаммоларини бартараф этиш мақсадида чап уйқу артерияси ўнг уйқу артериясига улаб берилди.
«Бу ноёб операция Ўзбекистонда илк марта бажарилди ва халқаро стандартларга тўлиқ мос келди. Бир вақтнинг ўзида икки мураккаб жарроҳлик усулининг қўлланилиши Миллий тиббиёт маркази мутахассисларининг юксак маҳорати ҳамда замонавий технологияларни қўллаш имкониятини намоён этди.
Мазкур амалиёт мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги янги босқичнинг бошланиши сифатида эътироф этилиши мумкин», дейилади марказ матбуот хизмати хабарида.
Мавзуга оид
14:32 / 16.11.2024
АҚШда жуфтлик тўйи учун тўплаган пулларни уйсиз итнинг операциясига сарфлади
12:24 / 06.02.2023
Юрагидан тромб олинган бемор 1 кунда оёққа турди
18:10 / 29.05.2022
Ўзбекистонда 72 ёшли беморга «келажак авлод аорта клапани» ўрнатилди
08:28 / 06.03.2022