Ўзбекистон | 19:48 / 31.05.2022
18528
2 дақиқада ўқилади

Эндиликда телефон сўзлашувлари терговчининг қарори билан дарҳол олиниши мумкин

Депутатлар кўриб чиқаётган қонун лойиҳаси билан абонентлар ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотларни суриштирувчи, терговчининг прокурор санкция берган қарори асосида олиниши, қарор қабул қилинган вақтдан бошлаб махсус ваколатли давлат органи томонидан дарҳол ижро қилиниши назарда тутилмоқда. 

Фото: Табылды Кадырбеков

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси бугунги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқиб, маъқулланди.

Палата матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтказилган таҳлилларда жиноятларни фош этишда муҳим далил ҳисобланган абонентлар ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотларни олишнинг амалдаги тартиби ва муддатлари жиноятларни «иссиқ изидан» фош этишда, ҳақиқатни аниқлашда бир қатор қийинчиликларни ҳамда хорижий мамлакатларнинг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги сўровларини ижро қилишда мураккабликларни юзага келтираётгани маълум бўлган.

Яъни, амалдаги тартибга кўра, абонентлар ўртасидаги боғланишлар тўғрисидаги ахборотлар тезкор-қидирув тадбирлари давомида олинадиган ахборотлар тоифасига кириб, улар «терговчи – тезкор-қидирув фаолияти органи – прокурор – тезкор-қидирув фаолияти органи – махсус ваколатли давлат органи» тизими асосида олинади.

«Шунингдек, ахборотларни махсус ваколатли давлат органидан сўровнома асосида тўғридан тўғри олиш имкониятининг йўқлиги тезкор-қидирув органлари томонидан сўровнома ижросини таъминлаш учун ҳам алоҳида тезкор-қидирув иши юритишга ва иш ҳажмининг сунъий ошиб кетишига сабаб бўлмоқда», - дейилади ахборотда.

Кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси билан абонентлар ўртасидаги боғланишлар тўғрисида ахборотни олиш билан боғлиқ ҳаракатлар тергов ҳаракатлари доирасига киритилмоқда ва ахборотларни олишнинг тартиби белгиланмоқда.

Яъни, эндиликда ахборотлар суриштирувчи, терговчининг прокурор санкция берган қарори ёки суднинг ажрими асосида олиниши, қарор ёки ажрим қабул қилинган вақтдан бошлаб махсус ваколатли давлат органи томонидан дарҳол ижро қилиш чоралари кўрилиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасининг тўлиқ матни қуйи палата томонидан эълон қилинмаган.

Мавзуга оид