Ўзбекистон | 21:37 / 31.05.2022
24769
5 дақиқада ўқилади

Энергетика қандай ислоҳ қилинса, халққа фойда бўлади?

Энергетикага бюджетдан субсидиялар аслида “халққа ёрдам бўлсин” ниятида жорий қилинган, бироқ мутахассисларнинг фикрича, бунақа тизим соҳанинг ачинарли аҳволда қолишига, ресурс ва воситаларнинг самарасиз истифода этилишига, мамлакат бюджети номувофиқ сарфланишига олиб келади. Хўш, яқин 4 йилга деб ваъда қилинаётган энергетика ислоҳоти қандай бўлиши керак?

Модомики, мавжуд субсидия тизими ноқис экан, уни ислоҳ қилиш қандай тартиб ва тамойилларга асосланиши керак? Бу ислоҳот қандай ўтказилса, халққа фойда бўлади-ю, қандай ўтказилса, зарар бўлиб қолиши мумкин?

Катта ислоҳотга тайёргарлик пухта бўлиши керак

Европа Иттифоқи ёрдами билан амалга оширилган, Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Грузия, Молдова ва Украина мамлакатларига энергетика соҳасини ислоҳ қилишда ёрдамлашиш мақсади кўзланган “Шарқий ҳамкорлик мамлакатлари иқтисодиётини экологиялаштириш” номли лойиҳа доирасида қилинган тадқиқотда муаллифлар қуйидагиларни ёзишган:

“Энергетик субсидияларни ислоҳ қилиш тажрибасидан олинган энг муҳим хулосамиз шу бўлди – ислоҳот ўта пухта тайёрланмоғи керак.

Гарчи бу равшан ҳақиқат бўлиб кўринса-да, кўп ҳолатларда мамлакатлар ислоҳотга бирон бир қўққисдан юз берган инқироз босими остида ёки халқаро ташкилотларнинг талаби билан киришишади, натижада ички координацияни, ҳолатнинг чуқур таҳлилини ва жамоатчилик қўлловини таъминлай олишмайди. Бу нарсалар эса ҳаракатлар қатъий бўлиши учун, жиддий ўзгаришлар қилиш учун муҳим.

Ҳукуматларнинг энергетик субсидияларни ислоҳ қилишга тайёрланиши яхлит, комплекс характерга эга бўлмоғи керак. Одатда энергетик субсидиялар таркибий характерга эга узоқ муддатли муаммодир ва алалоқибат, таркибий ечимларни талаб этади.

Энергетик субсидиялар ислоҳоти доим тадқиқотларни, консултацияларни талаб этади. У турли давлат идоралари ва бошқа манфаатдор томонларнинг уринишини ҳам талаб этади. Бу айниқса ислоҳотларнинг бевосита ва билвосита оқибатларини башорат этиш ва жараённи бошқариш тадбирларини ишлаб чиқиш учун долзарб”.

Тизимнинг уч ҳалқасидан иккитаси хусусийлаштирилиши лозим

Kun.uz колумнисти Шаҳзод Йўлдошбоевнинг таъкидлашича, энергетика соҳаси ислоҳоти аввало эркин бозор тамойилларига асосланиши ҳамда илғор хорижий тажрибага (масалан, Чили) суяниши керак.

“Бу ислоҳотнинг энг муҳим таркибий қисми – давлат назорати вертикалини ўзаро юқори рақобат шароитида ишлайдиган хусусий компаниялар горизонталига ўтказиш. Халқаро тажриба буни қандай амалга ошириш мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди. “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот”ни бир нечага бўлиш ва ҳар бирини хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда аукционга қўйиш лозим.

Дистрибуция (энергияни тарқатиш) – бу занжирдаги учинчи ҳалқа. Биринчи ҳалқа (генерация) ҳам хусусийлаштирилиши лозим, жумладан мавжуд электр станцияларини сотиш ҳамда бозоримизда янги ишлаб-чиқарувчилар пайдо бўлиши йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш зарур.

Трансмиссия деб ҳам номланувчи иккинчи ҳалқа (магистрал электр тармоқлари ва магистрал газ қувурлари) давлат назоратида қолади, чунки улар стратегик аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, бозорни назорат қилиш учун Чилининг Миллий энергетика қўмитаси (NEC) каби алоҳида мустақил идора тузиш лозим. Бу регулятор хусусийлаштириш жараёнини кузатиб боради, кейин эса соҳанинг тўхтовсиз ишлашини таъминлайди. Энг муҳими, регулятор босимлардан холи, мустақил орган бўлиши керак”, – дейди у.

Аукцион назарияси бўйича мутахассис-иқтисодчилар жалб қилиниши зарур

“Табиийки, хусусийлаштириш жараёни ўша машҳур, “бир кунлик” фирмаларнинг “ғалаба”си орқали юзага келадиган янги монополиялар пайдо бўлишини истисно қилиши керак. Халқаро экспертларни, аукционлар назарияси соҳасида мутахассис бўлган иқтисодчиларни жалб қилиш, шу билан бирга бутун жараённинг аҳоли учун максимал шаффофликни таъминлаш зарур”, – деди Шаҳзод Йўлдошбоев.

Субсидия ўрнига ундан анча самаралироқ ваучерга ўтиш ҳам мумкин

Шаҳзоднинг сўзларига кўра, узоқ истиқболда энергетика соҳасини хусусийлаштириш катта иқтисодий фойда келтиришига қарамай, субсидиялар бекор бўлиши сабаб қисқа истиқболда электр энергияси нархининг юқорилашига олиб келиши эҳтимоли юқори.

Ўзбекистон ҳукумати бу муаммо ечими сифатида ижтимоий нормани жорий қилиш, нормадан ортиқ энергияни бозор нархида сотишни кўзда тутмоқда. Йўлдошбоев эса бошқа бир инструмент – ваучерлар ҳақида айтади.

“Ҳозирда энергетик субсидияларга кетаётган маблағни давлат эндиликда ваучер деб номланмиш қоғозларни чиқаришга йўналтириб, ижтимоий заиф қатламларга электр энергиясини хусусий дистрибюторлардан имтиёзли нархларда сотиб олиш имкониятини бериши керак.

Барчаси тўғри амалга оширилса, нафақат субсидиялар оқибатида давлатнинг гарданига тушаётган фискал юкдан қутулиш мумкин, балки ижтимоий нотенглик билан боғлиқ ҳолатни тузатиш, иқтисодий ўсиш темпини юқорилатиш, шу билан бирга энергетик инфраструктура самарадорлигини яхшилаш мумкин бўлади. Эслатиб ўтаман, инфраструктурадаги камчиликлар ҳозирда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг камида 20 фоизи йўқотилишига олиб келяпти”, дейди у.

Тўлиқ суҳбатни юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Шокир Шарипов тайёрлади.

Шокир Шарипов
Муаллиф Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид