Ўзбекистон | 07:32 / 31.05.2022
34715
2 дақиқада ўқилади

Синоптиклар июнь ойида об-ҳаво қандай бўлиши тўғрисида маълумот берди

“Ўзгидромет” томонидан тузилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йилнинг июнь ойи ўртача иссиқ бўлади.

Фото: Kun.uz

Июнь ойида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, республика шимоли бўйича баъзи жойларда асосан меъёрдан 1-2 даражага юқори бўлиши кутилмоқда. Ой давомида республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида кундуз кунги ҳарорат 29-32 даража иссиқдан 36-39 даража иссиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Республиканинг шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати 40-42 даража иссиққача кўтарилади.

Қайд этилишича, 2019 йил июнь ойи Тошкентда ҳаво ҳарорати деярли ой давомида 29-34 даража иссиқ атрофида бўлган ва фақат ойнинг энг охирида 35-37 даража иссиққача кўтарилган.

2020 йил июнь ойи унча иссиқ бўлмаган. Масалан, Тошкентда ҳаво ҳарорати фақат бир марта 40 даражага етган.

2021 йил июнь ойи аномал иссиқ бўлди. Аксарият вилоятларда ўтган йил июнь ойи Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ, баъзи жойларда эса жуда иссиқ бўлди. Республика айрим ҳудудларида барча метеорологик кузатувлар қаторлари бўйича июнь ойи учун максимал ҳаво ҳарорати рекордлари ўрнатилди.

Ушбу йилнинг июнь ойида ёғингарчилик меъёрдан кам, марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Билдирилишича, Ўзбекистонда июнь ойида баъзан маҳаллий хусусиятга эга жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғирлар ёғади. 2019 йил июнь ойи бошида Тошкентда дўл билан жуда кучли ёмғир ёғган. Турли ҳудудларда 2-3 соат ичида 20 мм.дан 50 мм.гача ёғингарчилик бўлган, бу июнь ойининг ойлик меъёридан нисбатан кўп.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида июнь ойида кучли жала ёмғирлар ёғиши энг хавфли деб ҳисобланади, чунки улар сел ва сув тошқинлари ўтишига сабаб бўлиши мумкин.

Кейинчалик, ёзнинг охиригача ўртача ҳарорат меъёр атрофида ва меъёрдан деярли юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Ёз аномал иссиқ бўлмайди, лекин жуда иссиқ об-ҳаво даврлари истисно қилинмайди.

Мавзуга оид