17:05 / 03.06.2022
33718

Кийимларга қандай қилиб “иккинчи ҳаёт” бериш мумкин?

Тор келиб қолган ёки 1-2 мартагина кийилиб, қайтиб жавондан олинмаган кийим-кечаклар кўпчиликнинг уйида топилади. Ўзбекистонда “second hand” ҳали оммалашмаган бўлса-да, илк волонтёрлик лойиҳалари пайдо бўлиб улгурган.

Фото: KUN.UZ

“Японча жемпер кийгилари келибди. Ўзимизники тешиб чиқадими… Жемперинг яп-янги, бироз кир бўлган бўлса, Соттига айтамиз, бензинда ювиб беради. Устингдан ҳиди келса, ҳеч бало бўлмайди”.

“Келинлар қўзғолони” бош қаҳрамони Фармон бибининг келинига айтган бу гаплардан ҳам охирги ярим асрда кийимга нисбатан муносабатимиз қанчалик ўзгариб кетганини билса бўлади. Шу вақт ичида Ўзбекистонда, ҳали кенг оммалашмаган бўлса-да, иккинчи қўл кийимларни хайрия ва харид қилиш пайдо бўлишга ҳам улгурди.

Масалан, Тошкент шаҳри Самарқанд дарвоза мажмуаси рўпарасида жойлашган “Саховат бурчаги (Добрый контейнер)” ижтимоий лойиҳаси 2 йилдан бери иккинчи қўл буюмларни (асосан кийим-кечак)ларни текинга муҳтож аҳолига улашиб келади.

“Саховат бурчаги” ҳақида

Лойиҳада кўнгилли бўлиб ишлайдиган Мария Алексееванинг айтишича, бу ерга ҳар куни 10–20 нафарга яқин одам келиб, ўзига керакли буюмларни танлаб олиб кетади.

“Бу ерда эркаклар, аёллар ва болалар учун алоҳида кийим-кечак бўлимлари бор. Контейнерга кичкина дераза қилинган. Одамлар ўзларига керак бўлмаган кийим-кечак, турли буюмларни шу деразадан ичкарига қолдириб кетишади”, – дейди у.

Контейнер ичида фақат кийим-кечак эмас, балки ўйинчоқлар, китоблар ва турли маиший буюмлар ҳам тўпланади. Бу ерда ҳозирча 3 нафар волонтёр фаолият юритади. Одатда ҳар куни 12:00дан 16:00гача волонтёрлар навбатчилик қилади. Бирор буюмга эҳтиёжи бўлган одамлар куннинг шу пайтида келиб, ўзларига керак нарсани олиб кетишлари мумкин.

“Кунига 2-3 соатимни шу ишга ажратаман. Бу учун ҳеч қандай ҳақ керак эмас. Мен кўнгилли сифатида одамларга ёрдамлашишни хоҳлайман. Буюмларни олгандан кейин одамлар қандайдир ижобий эмоция билдиришади ва буни кўриш ёқимли. Қарийб 2 йилдан бери шу ердаман. Бўш вақтларимни шунга ажратаман”, – дейди Мария.

Лойиҳа Telegram-каналида ёзилишича, контейнерлар бутун шаҳар бўйлаб қўйилиши режалаштирилган. Контейнер қутиларида турли хил буюмлар (кийим, озиқ-овқат, маиший анжомлар)ни қолдирса бўлади ва муҳтож бўлганлар бу ердан зарур нарсани олишлари мумкин.

“Шунда бизнинг эҳсон платформамиз кўмакка муҳтож ва ёрдам беришни хоҳлайдиганлар ўртасида боғловчи бўлади”, – дейилган лойиҳа каналида.

“Совғага бераман”

Ишлатилмайдиган буюмларни муҳтожларга тарқатишнинг яна бир усулини “Совғага бераман (Отдом даром)” Telegram-гуруҳи аъзолари йўлга қўйишган. 2020 йилнинг июл ойида очилган бу гуруҳнинг ҳозир 14 мингдан ортиқ аъзоси бор.

Нурлан Ҳайитов – “Совғага бераман” гуруҳининг ташкилотчиси ва админи. Нурлан ғоя унда қандай пайдо бўлгани ҳақида шундай дейди:

“Бу ғоя анча олдин пайдо бўлган. Болалар тез улғайиб, уларга олинган кийимлар тезда тор келиб қолади. Менинг ҳам 2 нафар қизим бор ва улар билан ҳам худди шундай бўлди. Уларнинг янги кийимларини нима қилиш ҳақида ўйлаб, шу гуруҳни ташкил қилдим”.

Ҳар куни ўртача 30-40 нафар фойдаланувчи томонидан 80-100 дона кийим-кечак ва турли маиший буюмлар сурати гуруҳга жойланади. Суратлар остидан кийим-кечаклар ўлчами, кийилган муддати каби маълумотларни топиш мумкин.

“Ҳаммамизда ҳам кераксиз нарсалар бор. Улар уйимизда ишлатилмай тургандан кўра, бирор одамга фойдаси теккани яхши”, – дейди Нурлан.

Гуруҳ аъзолари томонидан буюмларни олиш истагида бўлганлар буни гуруҳга маълум қилади. Буюмни ким олиши аниқ бўлса, манзил келишилиб, нарсалар янги эгаларига бериб юборилади.

“Мен бу гуруҳга фақат нарса қўяман. Нарса олмайман. Шундан кейин кўпчилик ёзади. Уларнинг ичидан энг муҳтожини танлаб олиб, ёзганига, аҳволига қараб буюмларимни бераман”, – дейди гуруҳ аъзоларидан бири Камола Аҳмедова.

Ўзига керакли буюмни қабул қилиб олганлар ўз миннатдорчилигини билдиради. Уларнинг аксарияти кийим олишга қурби етмаслигини айтишади.

“Кийим-кечак олишга менинг имконим йўқ. Шу гуруҳ борлигини эшитганимдан кейин, роса хурсанд бўлдим. Одамлар қўлдан келганча ёрдам бериб туришибди. Гуруҳни очган кишидан миннатдорман. Гуруҳга юборилган кийим-кечакларни кийса бўлади. Улар унчалик эскирмаган”, – дейди исми сир тутилишини истаган гуруҳ аъзоларидан бири.

Қайта жонланаётган иккинчи қўл тажрибаси

Саноат ривожлангунча бўлган даврда қўлда тўқилган мато пишиқ бўлиб, узоқ чидагани, ҳозирга келиб текстил саноатида самарадорлик бир неча баробар ошгани ҳисобига нархлар арзонлашгани ва бошқа омиллар ҳисобига XXI асрда бутун дунё бўйлаб кийим-кечаклар сони кескин ортди.

XIX асрларгача иккинчи қўл кийимлар амалиёти инсоният яшаш тарзида одатий ҳол бўлган. II жаҳон урушигача бўлган даврда ҳатто иккинчи қўл кийим-кечак савдоси давлатлараро ёйилган.

Бундай ташаббус яқин 10 йилда қайта жонланмоқда. Маълумотларга кўра, кийим-кечак индустриясининг иқлимга жиддий таъсири маълум бўлгач, америкаликлар иккинчи қўл кийимларни янги кийимлардан кўра 21 марта кўпроқ харид қилишни бошлаган. Бунга ўхшаш ҳолатни Европа давлатлари аҳолисига нисбатан ҳам айтиш мумкин.

Дунёдаги энг йирик онлайн дўконлардан бири Thred UP 2018 йилда иккинчи қўл кийимлар савдоси 24 миллиард долларга етгани ҳақида маълумот берган бўлса, бу сон 2023 йилда 51 миллиардга етиши тахмин қилинмоқда.

Salvation Army, Goodwill ва Oxfam кабилар иккинчи қўл кийимлар савдоси билан шуғулланадиган компаниялар ҳисобланади. Бу ташкилотлар иккинчи қўл кийимларни йиғиб, камбағалроқ давлатларда чакана савдода сотади.

Битта кийимни 2-3 киши кийиши “анъанаси”

Ўзбекистонда иккинчи қўл кийимларни йиғадиган ва уларни сотишга ихтисослашган махсус дўконлар кенг тарқалмаган. Бунинг сабабларидан бири битта кийимни оиланинг 2-3 фарзанди алмашиб кийиши одатга айланганида бўлса керак. Кўпинча кўп болали оилаларда улғайган опа-сингил, ака-укалар бир-бирининг кийимини алмашлаб кияди. Шундай бўлса-да, вилоят марказий бозорларида эски кийим-кечак сотиладиган расталарни учратиш мумкин.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Фарҳод бозори, Чилонзор буюм бозорининг айрим нуқталарида ёки йўл бўйларида ҳам ёйма тарзида иккинчи қўл маҳсулотларни сотадиганлар учраб туради.

Аммо кийим-кечак онлайн саноати ривожланаётгани, танлов имконияти кўплиги одамларни кўпроқ кийим сотиб олишга рағбатлантирса, бу – Ўзбекистонда ҳам иккинчи қўл кийимларнинг онлайн савдосига эҳтиёжни юзага келтириши мумкин.

“Саховат бурчаги” волонтёри Мариянинг иккинчи қўл кийимларига эҳтиёж ҳақидаги гапи буни тасдиқлайдиган кўринади.

“Бундай ташаббусларга эҳтиёж жуда катта, – дейди у. – Нафақат Тошкентда, вилоятларда ҳам “Саховат бурчак”лари ўрнатилиши керак. Волонтёрлар Чирчиқ, Бекободда ҳам бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлашди. Масалан, яқинда Нукусда ҳам худди шундай контейнер ўрнатилди”.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz журналисти

Top