Иқтисодиёт | 14:58
911
4 дақиқада ўқилади

Бонд омборларига бренд кийимлар ва пойабзаллар жойлаштирилмайди, нега?

Ўзбекистонда 1 июлдан ташкил қилинадиган бонд омборлари кийим-кечак ва пойабзал импортига ҳам тааллуқли бўлади. Бу товарлар бонд омборларидан 3 фоизлик бож тўлови асосида, фақат маркетплейслар орқали сотилади. Аммо бу тартиб глобал брендлар учун амал қилмайди.

Фото: Brandon Bell / Getty Images

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги расмийси Комрон Муҳаммадиев Kun.uz билан суҳбатда бунинг бир нечта сабабларни келтирди.

Янги тартибда бонд омборлари учун иккита рўйхат шакллантирилган. Биринчи рўйхат электроника маҳсулотларини ўз ичига олади ва улар 5 фоизлик ягона божхона божи билан эркин сотилиши мумкин. Иккинчи рўйхат эса кийим-кечакларга тегишли бўлиб, 30 та товар позициясини қамраб олади ва айнан шу рўйхатдаги маҳсулотлар учун бонд омборида глобал брендлар савдосига чеклов қўйилган.

Муҳаммадиев бу қарор ички чакана савдони ҳимоя қилиш ва бозордаги мувозанатни сақлаш мақсадида қабул қилинганини таъкидлади.

“Бугунги кунда глобал брендлар, айниқса, кийим-кечак сегментида Ўзбекистонга расмий тарзда кириб кела бошлаган. Уларнинг ўзига хос талаблари бор – савдо нуқталаридан тортиб, франшиза асосида ишлаш тизимигача. Бу брендларнинг расмий кириб келиши иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади: янги иш ўринлари яратилади, хизматлар сифати ошади”, – дейди у.

Расмийга кўра, агар глобал брендлар бонд омборлари орқали сотилишига рухсат берилса, уларнинг мамлакатга расмий кириб келиши қийинлашади.

“Агар биз уларга бонд омборлари орқали савдо қилиш имконини берсак, уларнинг расмий кириб келиши амримаҳол бўлиб қолади. Шу сабабли мазкур чеклов жорий этилган”, – дея изоҳ берди Муҳаммадиев.

Шу билан бирга, у глобал брендлар тақиқлангани билан сифатли кийим-кечаклар савдосига тўсиқ йўқлигини қайд этди. Глобал брендлар рўйхатига кирмайдиган, аммо сифатли кийим-кечак ва пойабзал ишлаб чиқарувчи компанияларнинг товарлари бонд омборлари орқали эркин кириб келиши мумкин.

Муҳаммадиев яна бир жиҳатга эътибор қаратди: глобал брендлар учун аллақачон пасайтирилган ставкалар амал қилмоқда.

“Президент қарорларига мувофиқ, глобал брендлар учун бож ставкалари пасайтирилган. Ҳозирда улар учун божлар тахминан 5 фоиздан 7,5 фоизгача белгиланган. Ҳолбуки, бошқа кийим-кечак маҳсулотлари учун ўртача бож ставкаси 20 фоиз атрофида”, – деди у.

ИЛМА вакилига кўра, мазкур имтиёзлар глобал брендларнинг Ўзбекистонга расмий кириб келишини рағбатлантиришга қаратилган. Бу эса ўз навбатида истеъмолчилар учун қулайлик яратади.

“Авваллари фуқаролар чет элга чиққанда вақтининг катта қисмини айнан бренд маҳсулотларни харид қилишга сарфларди. Бугунги кунда эса бундай маҳсулотлар босқичма-босқич ички бозорда ҳам пайдо бўлмоқда”, – дея қўшимча қилди у.

Президент қарорига кўра, бонд омборларини ташкил этишга икки йиллик ҳуқуқий эксперимент доирасида 2026 йил 1 июлдан рухсат берилади. Бунда импортёрлар муайян товарларни бонд омборига жойлаштириб, уни жисмоний шахсларга шахсий эҳтиёжи учун фақат маркетплейслар орқали сотиши мумкин бўлади.

Товарларнинг биринчи гуруҳига смартфон ва ноутбуклар киритилган бўлиб, уларнинг бонд омбори орқали импорти қўшилган қиймат солиғидан тўлиқ озод этилган ва 5 фоизлик ягона божхона тўлови жорий этилган.

Иккинчи гуруҳга эса асосан халқаро брендлар тоифасига кирмайдиган кийим-кечак ва пойабзаллар киритилган бўлиб, улар учун ҚҚС (ҳозирда 12 фоиз) ва 3 фоизлик божхона божи амал қилади.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид