Ўзбекистон | 07:48 / 04.06.2022
10076
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда МДҲ давлатлари молиявий разведка бўлинмалари раҳбарларининг мажлиси бўлиб ўтди

Тошкент шаҳрида МДҲга аъзо давлатларнинг молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилмоқда.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евросиё гуруҳининг 36-ялпи мажлиси ҳафталиги доирасида жорий йил 3 июнь куни МДҲга аъзо давлатлар молиявий разведка бўлинмалари раҳбарлари кенгашининг 19-мажлиси бўлиб ўтди. 

Ушбу кенгаш мажлиси Евросиё гуруҳи раиси Ю.Чиханчин раҳбарлиги остида ўтказилиб, унда кенгаш аъзолари, экспертлар, кузатувчилар (Туркманистон, Ҳиндистон) ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Мажлис доирасида кенгашга аъзо давлатларда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда бу борадаги ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичларини назарда тутувчи кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.

Халқаро рақамли илмий-таълим платформасини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга ҳамда оммавий қирғин қуролларининг тарқатилишига қарши курашиш соҳасидаги битимни ратификация қилиш масалалари муҳокама қилинди.

МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ахборот алмашиш тизимини яратиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ фаолияти сарҳисоб қилиниб, унинг келгусидаги вазифалари белгилаб берилди.

Мажлис якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди ва навбатдаги мажлисни ўтказиш жойи ва саналари келишиб олинди.

Мавзуга оид