15:34 / 06.06.2022
10442

Конституциявий ислоҳотлар: кимлар ижтимоий ҳимояга муҳтож?

Иқтисодиёт фанлари доктори Нодирбек Расуловнинг фикрига кўра, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш, бандлигини таъминлаш, жумладан имконияти чекланган шахсларни давлат ҳисобидан ҳимоялаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга бепул ўқитиш каби масалаларни давлатнинг зиммасига юклаш борасидаги нормаларни конституциянинг тегишли моддаларига киритиш – келажакда албатта Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида шаклланишида асос бўлади.

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнлари оқибатлари конституциявий ислоҳотларнинг самарадорлигига қараб ҳар бир давлатнинг ҳаёти ва ривожланиш жараёнларида ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда конституциявий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар авваламбор амалдаги қонунчилик асосларини дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришларга, замон талабларига мослаштиришни талаб этмоқда. Чунки, сўнгги ўн йилликларда қайси мамлакатларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса – шу давлатларда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара бергани ҳамда бизнес субъектлари учун иқтисодий эркинлик шароитлари кафолатланганини кўриш мумкин. Натижада аҳолининг манфаатлари биринчи ўринга чиққан.

Жамиятимизда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари тезлашиши ҳамда мамлакатимизнинг бозор иқтисодиётига ўтиш жараёни фаоллашуви давлатимизнинг амалдаги конституциясига ўзгартиришлар киритиш лозимлигини ҳаётий заруриятга айлантирди. Чунки 2017-2021 йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда кенг кўламли ишларни амалга ошириш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда амалдаги қонунчилигимизда бир қанча бўшлиқлар мавжудлиги амалиётда ўз аксини топди.

Мазкур бўшлиқларни тўлдириш, қонунчилигимизни такомиллаштириш орқалигина Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мумкинлиги заруратга айланди. Айниқса, Тараққиёт стратегиясида белгиланган ва мантиқий кетма-кетликда амалга оширилаётган ишлар биринчи навбатда инсон қадрини улуғлашга қаратилгани, инсон манфаатларига тўлиқ жавоб бериш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш нуқтайи назардан амалдаги Конституцияга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда. Чунки, бу ердаги энг асосий муаммолардан бири – аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ эканлигидир.

Бунинг асосий сабабларидан бири – дунёда кечаётган глобал муаммолар кўлами, тури ва уни келтириб чиқараётган салбий оқибатлари кенгайиб бораётгани ҳисобланади. Буларга ер юзининг турли бурчакларида бўлаётган урушлар, террорчилик ҳаракатлари, экологик инқирозлар, очарчилик, қашшоқлик, аҳоли сони ўсиши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика тақчиллиги, турли юқумли касалликлар кўпайиши каби муаммоларни мисол қилиб келтириш мумкин.

Санаб ўтилган муаммоларнинг кенгайиши аҳолининг ижтимоий ҳолати ёмонлашуви ҳамда камбағаллик кўпайишига олиб келади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш биринчи навбатда аҳолини ижтимоий ва моддий жиҳатдан муҳофаза қилишни таъминлайдиган, иккинчидан, уларнинг ёши, саломатлиги, ижтимоий аҳволи, тирикчилик воситалари билан етарли даражада таъминлайдиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини заруриятга айлантирмоқда.

Ривожланган демократик мамлакатларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш  вазифаларини давлат тўлалигича ўз зиммасига олган. Ушбу масала Ўзбекистонда ҳам сўнгги 4-5 йилда устувор йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Бироқ, амалдаги Конституцияда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий нормалар аниқ очиб берилмагани бу жараён янада фаоллашувига салбий таъсир кўрсатмоқда. Фикримиз тасдиғи сифатида амалдаги Конституциянинг «Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар» бобининг 37-моддасида «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир», деб ёзиб қўйилган. Бу модда умумий характерда бўлиб, жуда кўплаб саволларни келтириб чиқаради. Аниқроқ айтадиган бўлсак, давлат қандай тоифадаги аҳолини қайси воситалар билан қайси вазифалари орқали ҳимоя қилиши аниқ очиб берилмаган. Шунинг учун ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, конституцияда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилишда давлатнинг вазифаларини белгилаб бериш зарурати пайдо бўлмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар қаторига «Темир дафтар»даги 7 тоифага мансуб фуқароларни киритиш мумкин:

  • кам таъминланган;
  • ногиронлиги бўлган;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар;
  • якка-ёлғиз кексалар;
  • доимий ишсиз фуқаролар;
  • карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар;
  • оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқаролар.

Ўзбекистонда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини давлат томонидан ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди. Хусусан, сўнгги йилларда юртимизда эътиборга муҳтож аҳолимиз қатламига ғамхўрлик кўрсатиш бўйича янги тизим ва механизмлар жорий этилди. Ушбу тизимга мувофиқ, Меҳрибонлик уйларидаги 1,5 мингга яқин болалар оилалар тарбиясига олинди, 116 та Оилавий меҳрибонлик уйи ташкил қилиниб, 700 га яқин ўғил-қизлар ота-она бағрида вояга етиши учун шароит яратилди. Ўтган йили 757 нафар кўнгли ярим бола уй-жой билан таъминланди. Давлат ҳисобидан 4 мингдан зиёд болаларда мураккаб операциялар ўтказилди.

Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш кўлами ҳам кенгайди. Жумладан, ўтган йили 42 мингга яқин кишига реабилитация ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилди. Эшитиш қобилияти заиф бўлган 555 нафар бола кохлеар импланти билан таъминланди. 4 минг нафар кўзи ожиз болага Брайл алифбоси тарқатилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар негизида аҳолининг дардига дармон бўлиш, келажакка бўлган умидини янада ошириш, улар ёлғиз эмасликларини яна бир бор амалда кўрсатиб қўйиш ҳисобланади.

Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, конституциянинг тегишли моддаларига аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш, жумладан имконияти чекланган шахсларни давлат ҳисобидан ҳимоялаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга бепул ўқитиш мажбуриятларини давлат зиммасига юклаш борасидаги нормаларни киритиш келажакда албатта Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида шаклланишига ёрдам беради деган умиддамиз.

Top