Жаҳон | 18:44
951
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда янги Конституция бўйича референдум санаси белгиланди

Умумхалқ референдуми 15 март куни ўтказилади. Таклиф этилаётган конституциявий ўзгаришларнинг асосий йўналишлари парламент ролини кучайтирган ҳолда ҳокимият тармоқлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш, Ҳукумат устидан парламент назорати механизмларини кенгайтириш, суд тизимининг мустақиллигини ошириш ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришдан иборат.

Фото: Владислав Воднев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев янги Конституцияни қабул қилиш масаласи бўйича республика референдумини 15 март куни ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Аввалроқ, 10 февраль куни конституциявий комиссия Тўқаевга янги Конституциянинг якуний лойиҳасини тақдим этган, якуний йиғилишда уни барча партиялар қўллаб-қувватлаган эди.

Таклиф этилаётган конституциявий ўзгаришларнинг асосий йўналишлари парламент ролини кучайтирган ҳолда ҳокимият тармоқлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлаш, Ҳукумат устидан парламент назорати механизмларини кенгайтириш, суд тизимининг мустақиллигини ошириш ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришдан иборат. Бундан ташқари, лойиҳада фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини аниқлаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, номарказлаштириш элементлари - маҳаллий ҳокимият органларининг мустақиллиги ва масъулиятини кучайтириш кўзда тутилган.

Тўқаев янги Конституция қоидалари давлатнинг институционал асосини ўзгартириш жараёни якунланганини ва мутлақо янги конституциявий моделга ўтилганини англатишини таъкидлаб, янги Асосий қонун лойиҳаси нафақат долзарб ижтимоий қадриятлар ва давлат сиёсати тамойилларини акс эттиришини, балки Қозоғистонни янада прогрессив ривожлантиришнинг узоқ муддатли асосларини ҳам белгилаб беришини таъкидлади.

Аввалроқ, Қозоғистоннинг янги Конституциясида рус тили мақоми ҳақидаги таъриф ўзгартирилиши ҳақида хабар берилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид