Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати пасайиши кутилмоқда
Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида қисқа муддатли ёмғир ёғиб, момақалдироқ бўлади.
Бугун кун давомида республика катта қисмида қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат шимолда, куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
“Ўзгидромет” хабарига кўра, кундуз куни ҳаво ҳарорати 34-39 даража иссиқ атрофида, жанубда баъзи жойларда 40-42 даража иссиққача бўлади.
11 июнда Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан бироз нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келади.
11 июнда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, 11-12 июнда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.
13 июнда фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
10-12 июнда республиканинг айрим жойларида шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 10-14 июнда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор.
Кундузи ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва 12 июнга келиб 31-33 даража иссиқни ташкил этади.