Ўзбекистон | 12:04 / 10.06.2022
11637
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан тарихий буюмлар ноқонуний олиб чиқиб кетилишининг олди олинди

Амалдаги тартибларга мувофиқ эллик йил муқаддам ва ундан ҳам олдинроқ яратилган маданий бойликларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас. 

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Фарҳод” чегара божхона постида қўшни давлатга йўл олган пиёдалардан бири ушланди.

Божхона қўмитаси хабарига кўра, ушбу шахс белгиланган тартибда холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, эгнидаги кийими чўнтагида божхона назоратига тақдим қилинмаган тангалар борлиги аниқланди. 

Тангалар тилладан ишланган ва тарихий бўлиб чиқди. Ушбу шахс 1897-1903 йилларда чор Россияси даврида зарб этилган 24 дона тилла тангаларни яширинча олиб чиқмоқчи бўлган. Маҳаллий аҳоли кўпинча “Николай тангалари” деб атайдиган ушбу нумизматика ашёларнинг умумий оғирлиги 128 граммни, қиймати эса, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 145 млн сўмни ташкил қилмоқда. 

“Навоий” чегара божхона постида аниқланган ҳолатда эса республикадан чиқиб кетаётган юк автотранспорт воситаси ҳайдовчиси республикадан олиб чиқиш учун тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган мисдан ишланган кўза, қопқоқли товоқ, жезда ишланган лаган ҳамда 117 йил аввал ишлаб чиқарилган “Тула” самоварини олиб кетаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Фото: Видеодан кадр

Жорий йил ўтган 5 ойи давомида божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинган ноёб тарихий ва маданий бойликлар сони ўтган йил мос даврига нисбатан 2,3 баробарга ортган. Аниқланган 75 та қонунбузарлик ҳолатида 896 дона тарихий ва маданий бойликлар ноқонуний олиб чиқилиши олди олинди. 

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид