Жаҳон | 08:23 / 11.06.2022
24897
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлерининг Косово бўйича чақириғи Белграднинг ғазабини келтирди 

Сербия президенти Александр Вучичнинг айтишича, у Косовонинг тан олиниши Европа иттифоқига қўшилишнинг зарурий шарти эканини биринчи марта эшитмоқда ва Сербия ўз ҳудудий яхлитлигига содиқ қолади.

Фото: Andrej Isakovic / AFP

Сербия президенти Александр Вучич Германия канцлери Олаф Шолцнинг Сербия ва Косовога бир-бирларининг давлатини тан олиш ҳақидаги чақириғига жуда қаттиқ муносабат билдирди. Вучич бундай талабни биринчи марта эшитаётганини ва бундан кейин Сербия кейинги қадамларини кўриб чиқиши кераклигини айтди. 

«Сиз Украинанинг ҳудудий яхлитлигига содиқ бўлганингиздек, биз ҳам Сербиянинг ҳудудий яхлитлигига содиқмиз», — деди Сербия давлати раҳбари 10 июнь, жума куни Белградда Шолц билан қўшма матбуот анжуманида. Бундан олдин Германия канцлери: «Бир-бирини тан олмайдиган икки давлатнинг Европа иттифоқига аъзо бўлишини тасаввур қилиб бўлмайди», деб огоҳлантирган эди. Сербия 2012 йилда Европа иттифоқига аъзоликка номзод давлат мақомини расман олган. Косово ҳамон «потенциал» номзод сифатида кўрилмоқда ва Европа иттифоқига кириш бўйича фақат узоқ истиқболларга эга. 

Шу куни эрталаб Германия ҳукумати раҳбари Приштинада Косово бош вазири Альбин Курти билан учрашди. Музокаралар чоғида у Берлин Косовонинг ЕИга аъзо бўлишини ўзининг устувор мақсадларидан бирига айлантирганини айтди. «Янги ишонч сигналини юбориш жуда муҳим ва қўшилиш жараёни Европа иттифоқи томонидан жуда жиддий қабул қилинишига ҳамда агар ҳамма ҳаракат қилса, реал имконият борлигига умид қилиш жуда муҳим», — деди канцлер. 

Ўша матбуот анжуманида Олаф Шолц Сербияни Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлар учун Европа иттифоқи томонидан Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларга қўшилишга чақирди. «Биз санкциялар Европа иттифоқига қўшилиш жараёнида бўлган давлатлар томонидан амалга оширилишини кутамиз», — деди у. 

Александр Вучич, ўз навбатида, музокаралар чоғида Шолц «Сербияни Европа иттифоқи санкцияларига қўшилишга аниқ чақирганини» тасдиқлади. У Белград БМТ бош ассамблеяси ва бошқа халқаро ташкилотларда Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини қоралаганини эслатди. Шу билан бирга, Вучич ўз мамлакати энергия таъминоти борасида «жуда оғир аҳволда» эканини таъкидлаб, Сербия ва Россия ўртасида мавжуд бўлган анъанавий «алоҳида алоқалар»ни тилга олди. «Санкцияларга келсак, бу ерда биз бошқача позицияга эгамиз... Биз Сербияга қарши санкцияларни ёдда тутяпмиз ва санкциялар самарали бўлишига ишонмаймиз», - дея қўшимча қилди Сербия президенти. 

Олаф Шолцнинг Косово ва Сербияга ташрифлари 23 июнга белгиланган Европа иттифоқи - Ғарбий Болқон етакчилари саммити арафасида бўлиб ўтди. Март ойида Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Европа иттифоқи «Москванинг Европа қоқ марказида минтақани назорат остига олишга уринишларига таслим бўлмаслиги керак», деганди. 

 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид