Жамият | 14:07 / 11.06.2022
12494
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 1,5 ёшли қизча 10-қаватдан тушиб кетиб, ҳалок бўлди

Қизча очиқ қолдирилган эшикдан ташқарига чиққан ва йўлакдаги балконда ўрнатилган бетон панжара орасидан пастга тушиб кетган.

Самарқанд шаҳар «Қорасув» масканида 1,5 ёшли қиз 10-қаватдан тушиб кетиб, воқеа жойида ҳалок бўлди. Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, воқеа 9 июнь куни соат 18:00ларда рўй ерган.

81-уйда жойлашган 28-хонадон эгаси А.К.нинг вояга етмаган фарзанди, 2020 йил ноябрда туғилган Ш.С. очиқ қолган эшикдан ташқаридаги йўлакчага чиқиб кетган. Сўнг у ердаги балконнинг темир панжараси орасидан пастга йиқилиб тушиб, оғир тан жароҳатлари олган ва воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бошлиғи подполковник Д.Султонов, Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари А.Тўйчиев, шаҳар прокуратураси терговчиси Ф.Нарзуллаев бошчилигида тезкор-тергов гуруҳи тузилиб, ҳодиса содир бўлган жой ва марҳумнинг танаси мутахассис иштирокида кўздан кечирилган.

Марҳумнинг жароҳатлари ва ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертиза тайинлаш қарори чиқарилган. Аммо унинг оила аъзолари ҳолат юзасидан бирор кимдан даъво шикоятлари йўқлиги сабабли экспертиза текшируви ўтказишни рад этган. Ҳолат холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб, боланинг мурдаси оила аъзоларига топширилган.

Мавзуга оид