Спорт | 11:12 / 12.06.2022
53518
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшлари улкан ирода намойиш этган «тош жанги»дан фоторепортаж

Кеча, 11 июнь санасида U23 Осиё Кубогининг чоракфинал баҳслари старт олди. 

Фото: Tribuna.uz

Ўзбекистон олимпия жамоаси Ироқ ёшларига қарши «Пахтакор» стадионида баҳс олиб борди. Учрашув Темур Кападзе жамоаси учун кутилмаган йўқотиш билан бошланди. 13-дақиқада Абдувоҳид Неъматов умуман керак бўлмаган жойда рақибга нисбатан агрессив ҳаракат қилиб, тирсак билан зарба берди ва бош ҳакам ВАР орқали вазиятни кўриб чиққач уни майдондан четлатди. Бундан ташқари, дарвозамизга пенальти белгиланди. Ҳужумкор яримҳимоячи Диёр Холматов майдонни тарк этди ва унинг ўрнига дарвозабон Владимир Назаров майдонга тушди. Афсуски, пенальтини Рамазон Жумъа голга айлантирди. 

Ўз навбатида айтиб ўтиш керакки, қизил карточка ва пенальтидан норози бўлган мухлислар майдонга трибуна цементидан қўпориб олинган тошларни улоқтира бошлашди. Бу тошлар футболчиларга зарар етказмаган бўлса-да, телетрансляция билан шуғулланаётган бир нафар оператор ва ўзбекистонлик фотографлардан бирига тан жароҳати етказди. 

Ўзбекистон U23 футболчилари мухлислардан тошлар улоқтиришни тўхтатишни ва яхшироқ мухлислик қилишни сўради. Мухлисларнинг қўллаб-қувватлашидан кучга тўлган олимпия жамоамиз бир киши кам бўлиб қолганига қарамай, Ироқни ўз яриммайдонига қамаб қўйди ва тинимсиз ҳужумларни ёғдира бошлади.

Ҳакам томонидан биринчи таймга қўшиб берилган дақиқаларда рақиб ҳимоячилари Ҳожимат Эркиновни жарима майдончаси ичида йиқитди ва бош ҳакам бу гал Ўзбекистон фойдасига пенальти белгилади. 11 метрлик жарима зарбасини Жасур Жалолиддинов совуққонлик билан амалга оширди ва ҳисобни тенглаштирди. 

Иккинчи таймга Ўзбекистон ёшлари яна ўша жанговар темпда тушиб келишди. 50-дақиқада Ҳусайн Аммор ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди ва «оқ бўрилар» ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шундан сўнг, ироқликлар ҳужумларни кўпайтиришди. Ўзбекистон эса, асосан, қарши ҳужумларда ўз омадини излади. 68-дақиқада Фалиҳ Амморнинг чап қанотдан тепган тўпи кутилмаганда дарвозамиздан жой олди. Буни дарвозабон Владимир Назаровнинг жой танлашдаги хатоси бўлди, дейиш мумкин. 

Ҳисоб тенглашгач, ҳар иккала жамоа ҳам нисбатан эҳтиёткор тарзда ҳаракат қилишди. Қўшимча бўлимларда ҳам ўйин сценарийси ўзгармади. Натижада, 2:2 ҳисоби учрашувнинг 120-дақиқаси якунлангунича ўзгармади ва жамоалар ғолибни пенальтилар сериясида аниқлайдиган бўлишди. 

Дастлаб, Мерчас Доски ва Отабек Жўрақўзиев биттадан пенальтини голга айлантиришди. Иккинчи пенальтини ироқликлардан Аҳмад Наим аниқ амалга оширган бўлса, бизнинг жамоадан Муҳаммадқодир Ҳамралиев зарбада адашди. 3-пенальти учун яқинлашган Рамазон Жума бу гал дарвоза устунини пойлаб қўйди ва ўз имкониятини голга айлантира олмади. Аббос Файзуллаев эса пенальтисидан гол уриб, мувозанатни тиклади. 4-уриниш учун 11 метрлик нуқтага яқинлашган Моамил Огаилининг зарбасини Владимир Назаров қайтаришга муваффақ бўлди. Абдурауф Бўриев эса адашмади ва Ўзбекистонни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Сўнгги, ҳал қилувчи зарбани бериш учун нуқтага яқинлашган Ҳасан Абдулкаримнинг тепган тўпи дарвоза устидан ўтиб кетди ва Ўзбекистон яримфинал иштирокчисига айланди. 

Маълумот учун, вакилларимиз кейинги босқичда Япония — Жанубий Корея баҳси ғолибига қарши майдонга тушади. 

Қуйида ушбу эмоционал учрашувдан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин. 

Суратлар муаллифи — Муҳаммаджон Ғаниев.

Мавзуга оид