13:32 / 14.06.2022
6659

Ўзбекистонда йил бошидан бери 48 киши ёнғинларда ҳалок бўлди

2022 йил 5 ойида республикада 3449 та ёнғин юз берди, 82 киши тан жароҳати олди, 48 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Ўлмас Музаффаров иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.

Фото: aokamediakontent

Қайд этилишича, май ойи ва июнь ойи биринчи ўн кунлигида ёнғинлар билан боғлиқ вазият фаоллашгани кузатилмоқда. Ушбу даврда содир бўлган ёнғинлар 981 тани ташкил этиб, 106 таси — қуриган ўсимликлар ёниши, 665 таси — аҳоли турар жойлари ва 210 таси — бошқа объектларга тўғри келган.  

Ёнғин келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда, аксарият ҳолларда аҳоли яшаш жойларидаги ёнғинлар маиший кондиционер ва музлаткичлардан ҳамда тозаланмаган қуруқ ўтлар ёнишидан келиб чиқаётгани маълум бўлган.

Брифингда маълумот берилишича, бундай жазирама пайтларда инсон учун қулай шароитлар яратиш мақсадида, ҳавони салқинлатувчи турли электр қурилмалардан, айниқса, кондиционерлардан фойдаланиш даражаси ортади. 

Таъкидланишича, кондиционердан узоқ муддат қаровсиз фойдаланиш, электр таъминоти қоидаларига риоя этмаслик, битта электр истеъмолчи учун мўлжалланган электр токи манбаларига катта қувватга эга бир нечта истеъмолчилар уланиши, электр кабеллар қизиши оқибатида манфий ва мусбат симлар қисқа туташувига олиб келиб, ёнғин чиқишига сабаб бўлмоқда.

Top