Ўзбекистон | 01:11 / 16.06.2022
37029
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили учун квоталар тасдиқланди. Қабул 20 июндан бошланади

Фото: Kun.uz

2022/23 йилги ўқув йили учун Ўзбекистон ОТМларига қабул квоталари тасдиқланди.

Президентнинг тегишли фармойишига асосан, янги ўқув йилида бакалавриатга қуйидагича миқдорда талаба қабул қилинади:

  • кундузги шаклда 77 477 нафар;
  • сиртқи шаклда 26 095 нафар;
  • кечки шаклга 3 725 нафар;
  • янги турдаги масофавий таълим шаклига 3 410 нафар.

Магистратура учун қабул 10 688 нафар этиб белгиланган.

Қабул жараёнларини ташкил этиш тўғрисида президент қарори эълон қилинди. Унга кўра, янги ўқув мавсумида қабул 20 июндан бошланадиган бўлди.

Қабул жараёнида абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва ДТМ расмий сайти орқали ҳар йили 20 июндан 20 июлга қадар (20 июл куни ҳам), чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эса 10 июлга қадар (10 июл куни ҳам) амалга оширилади.

Эндиликда ОТМга имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари, қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Яъни улар умумий квотадан жой банд қилмайди.

Қарорда ўқишни кўчириш бўйича янги тартиб ҳам белгиланган. Унга кўра, давлат ОТМсининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина қуйидаги ҳолатларда рухсат берилади:

  1. Талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда;
  2. Давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда, тегишли вазирлик (идора) раҳбарининг тавсияси асосида.

Бошқа ҳолларда бир давлат ОТМдан бошқасига (ҳудудидан қатъи назар) ўқишни кўчиришга рухсат этилмайди. Хориждан ва Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат ОТМлардан ўқишни кўчиришда амалдаги тартиб сақланиб қолган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид