Ўзбекистон | 18:36 / 20.06.2022
39147
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги порахўрлик статистикаси эълон қилинди

2021 йилда 91 нафар давлат хизматчиси пора олган, улардан 49 нафари – раҳбар, 8 нафари раҳбар ўринбосари. Энг кўп порахўрлик ички ишлар тизимида. Ўтган йили энг кам пора миқдори 50 доллар, энг каттаси 200 минг долларни ташкил этган.

Фото: Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ўзбекистонда 2019 йилда 177 та, 2020 йилда 161 та, 2021 йилда 91 та пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, бу турдаги жиноятлар сўнгги уч йилда деярли 50 фоизга камайган. Бу ҳақда Аксилкоррупция агентлиги матбуот котиби Дурдона Очилова маълум қилди.

Унга кўра, 2022 йилнинг 5 ойи давомида 17 та пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, бу – ўтган 2021 йилнинг 5 ойига нисбатан (2021 йилнинг 5 ойида 57 тага пора олиш жинояти содир этилган) 40 тага кам.

Мисол учун, 2020 йилда 118 та оғир (ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми), 13 та ўта оғир (ЖКнинг 210-моддаси 3-қисми) даражадаги пора олиш жиноятлари, 2021 йилда эса 62 та оғир, 6 та ўта оғир даражадаги пора олиш жиноятлари содир этилган.

2021 йилда оғир даражадаги пора олиш жинояти 56 тага, ўта оғир даражадаги пора олиш жинояти 7 тага камайган.

2021 йилда республика бўйича 91 та пора олиш жинояти содир этилган бўлиб, 91 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси билан жиноят ишлари қўзғатилган.

2021 йилдаги пора олиш жиноятлари ҳудудлар кесимида:

  1. Тошкент шаҳрида – 18 та;
  2. Тошкент вилоятида – 13 та;
  3. Жиззах вилоятида – 9 та;
  4. Андижон вилоятида – 8 та;
  5. Қашқадарё вилоятида – 8 та;
  6. Сурхондарё вилоятида – 7 та;
  7. Самарқанд вилоятида – 5 та;
  8. Бухоро вилоятида – 4 та;
  9. Наманган вилоятида – 4 та;
  10. Фарғона вилоятида – 4 та;
  11. Хоразм вилоятида – 4 та;
  12. Сирдарё вилоятида – 3 та;
  13. Навоий вилоятида – 2 та;
  14. Қорақалпоғистон Республикасида – 2 та.

Пора олиш жиноятларининг 10 таси вилоят, 81 таси туман-шаҳар миқёсидаги давлат ташкилотлари мансабдор шахслари томонидан содир этилган.

Қайд этилишича, 2021 йилда республика миқёсидаги давлат ташкилотларида ишловчи мансабдор шахслар томонидан пора олиш жиноятлари содир этилгани аниқланмаган.

91 та пора олиш жиноятидан 49 таси биринчи даражали раҳбарлар, 8 таси раҳбар ўринбосари, 34 таси ижрочи ва техник ходимлар томонидан содир этилган. Мансабдор шахслардан 77 нафари – эркак, 14 нафари – аёл.

“91 та пора олиш жиноятидан 20 таси ички ишлар (8 таси йўл ҳаракати хавфсизлиги), 12 таси мактабгача таълим, 10 таси ҳокимлик, 6 таси ҳарбий, 6 таси қишлоқ хўжалиги, 4 таси халқ таълими, 4 таси қурилиш, 3 таси коммунал хизмат (электр, газ, сув) ва 26 таси бошқа соҳалар ҳисобига тўғри келган”, дейилади хабарда.

91 та пора олиш жиноятидан 26 таси ёки 28,5 фоизи бевосита суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан содир этилган бўлиб, бу – умумий пора олиш жиноятининг деярли учдан бир қисмини ташкил этган.

91 та пора олиш жиноятидан 65 таси ижро тизимига кирувчи давлат бошқарув органлари ходимлари томонидан содир этилган, уларнинг 18 таси (19,7 фоизи), деярли бешдан бир қисми таълим тизими ходимлари ҳисобига тўғри келган.

91 та жиноят иши бўйича Жиноят кодексининг 210-моддаси, яъни пора олиш билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, 22 таси 210-модда биринчи қисми, 63 таси 210-модда 2-қисми, 6 таси 210-модда 3-қисми билан қўзғатилган.

Мазкур 91 та пора олиш жиноятларининг 38 таси таъмагирлик, 19 таси такроран, 4 таси кўп миқдорда, 4 таси жуда кўп миқдорда, 2 таси бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириш билан боғлиқ бўлса, 2 таси уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган.

Пора олиш жиноятлари бўйича 500 минг доллар ва 113,7 млн сўм пора олинган бўлиб, 62 та ҳолатда (ўртача 8 065 доллар) АҚШ долларида, 29 та ҳолатда (ўртача 3,92 млн сўм) сўмда олинган.

Энг кўп пора миқдори 200 минг АҚШ долларини, энг кам пора миқдори 50 АҚШ долларини ташкил этган.

91 та пора олиш жиноятининг 75 таси тезкор тадбир, 16 таси терговга қадар текшириш давомида фош этилган. Пора предмети бўлган пуллар 5 та ҳолатда воситачилар ва 86 та ҳолатда тўғридан тўғри мансабдор шахслар томонидан олинган.

91 та жиноятдан 20 таси ишга қабул қилиш, 8 таси маъмурий чора кўрмаслик, 6 таси ер ажратиш, 4 таси қурилишга рухсат бериш, 3 таси ердан ижара асосида фойдаланишга рухсат бериш, 3 таси автотранспорт воситасини жарима майдончасидан чиқариш, 2 таси постдан рухсатномасиз ўтказишга рухсат бериш, 2 таси пенсия тайинлаш, 2 таси давлат харидлари бўйича шартнома имзолаш учун улуш талаб қилиш, 2 таси чегарадан ўтказиш билан боғлиқ. Қолган 39 та ҳолатда жиноятлар бошқа ваколатлардан фойдаланиш асосида содир этилган.

22 фоиз пора олиш жинояти ишга олиш ваколатидан фойдаланиш орқали содир этилган бўлиб, уларнинг 15 таси техник ва ижрочи ходимларни таълим (11 таси мактабгача таълим, 4 таси халқ таълими) муассасаларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ.

8 та маъмурий чора кўрмаслик ваколатидан фойдаланган ҳолда содир этилган пора олиш жиноятларининг 5 таси ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган бўлиб, уларнинг 3 таси йўл-патруль хизмати инспекторлари, 2 таси профилактика инспекторлари ҳисобланади.

Бундан ташқари, 6 та ер сотиш билан боғлиқ пора олиш жиноятларидан 4 таси маҳаллий ҳокимлик (3 таси туман ҳокими ўринбосари), 2 таси қурилиш бўлими ходимлари ҳисобланади.

UPD. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўз ахборотини таҳрирлаб, ўтган йилги энг йирик пора миқдори 2 млн доллар бўлгани ҳақидаги маълумот “техник хатолик” бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид