Ўзбекистон | 13:53 / 20.06.2022
49820
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев референдум ўтказишни таклиф қилди

Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви ўтказилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Албатта, халқимиздан Комиссияга келиб тушган барча муҳим ва долзарб таклифларни бугун Сизлар билан батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга эмасмиз. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтдим, холос.

Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этаман.

Тўғри, амалдаги қонунчилигимизга кўра, парламентнинг ўзи ҳам Конституцияга ўзгартиш киритиш ваколатига эга.

Лекин, конституциявий ислоҳотни фуқароларимиз фикри ва қўллаб-қувватлаши асосида референдум орқали амалга оширсак, бу том маънода халқимиз хоҳиш-иродасининг ифодаси – ҳақиқий халқ Конституцияси бўлади, деб ўйлайман.

Бу “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи – халқдир” деган тамойилга тўла мос келади. Шунда ҳар бир ватандошимиз “Янги Ўзбекистон Конституцияси – менинг Конституциям” деб юксак ғурур билан айта олади", деди президент. 

Шавкат Мирзиёев халққа мурожаат қилди:

“Азиз юртдошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз. 

Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган.

Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир. 

Шу боис барчамиз Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккуримиз, қалбимиздан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатимизни билдиришимиз лозим.

Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри".

Мавзуга оид