Жаҳон | 23:21 / 24.03.2026
848
4 дақиқада ўқилади

КХДР Конституцияси ўзгартирилди – унинг номидан «социалистик» сўзи олиб ташланди

КХДР парламенти Конституцияга киритилган янги тузатишларни маъқуллади, Ким Чен Ин эса мамлакатнинг Жанубий Корея билан бирлашишдан воз кечиш ва ядровий салоҳиятни янада ошириш йўлини тасдиқлади.

Фото: KCNA/Reuters

22-23 март кунлари Пхенянда янги, 15-чақириқ Корея Халқ Демократик Республикаси Олий халқ мажлисининг (ОХМ) биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда мамлакат Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар бир овоздан қабул қилинди.

24 март куни КХДР бош матбуот органи бўлган Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) баъзи тафсилотларни келтирди, хусусан, Конституция номидан «социалистик» сўзи олиб ташланди.

КХДР етакчиси Ким Чен Ин йиғилишда сўзлаган нутқида Конституцияга киритилган ўзгаришлар «давлат тараққиётининг долзарб эҳтиёжларини акс эттиришини» тушунтирди. Бундан ташқари, Ким Пхенян Жанубий Кореяни расман «энг душман давлат» деб тан олганини тасдиқлади.

«Биз бу давлатни аниқ баёнотлар ва ҳаракатлар билан қатъиян эътиборсиз қолдирамиз ва рад этамиз, республикамизга ҳар қандай тажовуз учун эса уни заррача иккиланиш ва шубҳаларсиз катта товон тўлашга мажбур қиламиз», деб ваъда берди Шимолий Корея раҳбари.

Ким, шунингдек, КХДР ўз ядровий салоҳиятини мустаҳкамлашда давом этишини айтиб, уни нафақат ҳарбий, балки иқтисодий соҳаларда ҳам «ишончли кафолат ва тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи» деб атади.

«Душман кучлар ядро қуролидан воз кечишнинг қандайдир «нархи» ҳақида гапириб, бошқача умид қилган, бироқ бугунги воқелик давлатимизнинг стратегик қарори - уларнинг ёлғон ваъдаларини рад этиш ва ядро қуролига эгаликни қайтариб бўлмайдиган ва доимий қилиш қанчалик тўғри бўлганини яққол исботламоқда», деди у.

ОХМ жорий сессияси сўнгги бир ярим йил ичида учинчи марта Асосий қонунга ўзгартиришлар киритиш масаласини муҳокама қилди - улар 2024 йил октябрь ва 2025 йил январь ойларида ҳам киритилган эди.

КХДР конституциявий асосларини қайта кўриб чиқишга 2024 йил январь ойида Ким парламентда Жанубий Кореяга нисбатан сиёсатни ўзгартириш зарурлиги ҳақида баёнот бериб, уни «биринчи рақамли душман давлат» деб атаганида туртки берилди. Шимолий Корея раҳбари ўшанда КХДР «мустақил социалистик давлат» сифатидаги аниқ чегараларини Конституцияда мустаҳкамлашга, «тинч йўл билан бирлашиш ва буюк миллий бирлик» тўғрисидаги қоидаларни истисно қилишга, шунингдек, Корея яриморолида уруш бошланган тақдирда Жанубий Кореянинг «аннексия қилиниши» имкониятини назарда тутишга чақирган эди.

Ким Чен Ин сўзларига кўра, айнан Сеулнинг Пхенян билан қарама-қаршилик курсига ўтиши, Жанубий Корея ҳукуматининг қулаши ва «ютиб юбориш йўли билан бирлашишга» интилиши уни илгари стратегик вазифа бўлган миллий бирлашиш курсини сақлаб қолишнинг иложи йўқлиги ҳақидаги хулосага олиб келган. Ўшанда бирлашиш ва Кореялараро туризм масалаларига масъул бўлган учта идора - Тинч бирлашув қўмитаси, Иқтисодий ҳамкорлик миллий бюроси ва Қимган тоғи халқаро туризм маъмурияти ёпилганини маълум қилганди. Кўп ўтмай, Шимолий Корея давлат телеканаллари об-ҳаво маълумотларида Корея яриморолини яхлит тарзда кўрсатишни тўхтатди ва Пхенянда «Бирлашиш аркаси» ёдгорлиги демонтаж қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид