Жаҳон | 21:38 / 27.06.2022
15393
1 дақиқада ўқилади

Байден Россиядан келтириладиган айрим маҳсулотларга бож тўловини оширди

АҚШ шунингдек, Беларусдан келтириладиган маҳсулотларга ҳам бож тўловларини оширади.

Фото: ТАСС

Россиядан АҚШга олиб кириладиган юзлаб позициядаги айрим маҳсулотларга 30 кундан сўнг импорт божлари жорий этилади. Айрим маҳсулотларга бож тўловлари миқдори 35 фоизгача оширилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байденнинг тегишли фармонида маълум қилинди.

Қайд этилишича, «олиб кирилиши тақиқланмаган, оқланган ва АҚШ ташқи сиёсий манфаатларига мос келадиган» маҳсулотларга нисбатан бож тўловлари оширилади. Ҳужжатда айнан қайси маҳсулотлар ушбу тоифага киритилиши айтилмаган. 

АҚШ шунингдек, Беларусдан келтириладиган маҳсулотларга ҳам бож тўловларини оширади. Ушбу қарор Россия ва Беларус билан меъёрдаги савдо муносабатлари тўхтатилгани билан изоҳланган.

Аввалроқ Оқ уй Россиядан АҚШга нефт ва нефт маҳсулотлари, газ, кўмир, денгиз маҳсулотлари, алкогол, носаноат олмослари экспорт қилинишини тақиқлаганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид