Ўзбекистон | 15:08 / 29.06.2022
3860
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Туркманистон миллий кенгаши халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, суҳбат аввалида давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни 65 йиллик юбилейи билан қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг замонавий Туркманистонни барпо этиш ва мамлакат халқаро майдондаги нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси қайд этилди.

Туркманистон президенти Сардор Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик доирасида икки мамлакат кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Савдо ва саноат, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма кооперация лойиҳаларини илгари суриш ҳамда ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга эътибор қаратилди.

Минтақавий ҳамкорлик долзарб жиҳатлари, шу жумладан Афғонистонда мустаҳкам тинчликни таъминлашга ва ушбу мамлакатни ижтимоий-иқтисодий тиклашга кўмаклашиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон етакчиси шу кунларда Туркманистон пойтахтида ўтказилаётган олтинчи Каспий саммити муваффақиятли ўтишини тилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид