Ўзбекистон | 18:59 / 29.06.2022
46999
3 дақиқада ўқилади

“Тонировка” учун пул тўлаб қўйганлар “куйди”

Президентнинг тегишли қарори ортидан, шу қарор чиққунга қадар ўтган бир неча ҳафта ичида автомобили ойналарини қорайтириш учун тўлов қилганлар саросимага тушиб қолганлари бор гап. Уларни битта савол қизиқтирмоқда: тўланган пул қайтариб берилиши эҳтимоли борми?

Фотоколлаж: Kun.uz

Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб машиналарнинг орқа ён ойналари тусини ўзгартириш учун рухсатнома талаб этилмайдиган бўлди. Олд ён ойналарни қорайтириш рухсатномаси нархи эса 6 бараварга арзонлашди. Бу борада тегишли президент қарори эълон қилинди.

Бу янгиликдан ҳамма бирдек хурсанд бўлди дейиш қийин: ўтган яқин ҳафталарда “тонировка” арзонлашиши ёки буткул текин бўлиши ҳақидаги гап-сўзларга қарамай, рухсатнома сотиб олганларнинг афсусини тушуниш мумкин, чунки бундай гап-сўзлар аввалги йиллари ҳам бўлган ва кўп нарса ўзгармай қолганди. Эндиликда уларни битта савол қизиқтирмоқда: тўланган пул қайтариб берилиши мумкинми?

Бу саволга тегишли норматив ҳужжатлардан жавоб излаб кўрамиз.

Президентнинг “Автотранспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори жорий йил 28 июн куни имзоланган бўлса-да, унинг айнан “тонировка”га оид қисми 2022 йил 1 июлдан кучга кириши белгилаб қўйилган.

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасига кўра, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Демак, “тонировка” бўйича янгилик 1 июлдан бошлаб кучга киради ва ундан аввалги амалга оширилган юридик ҳаракатларга тааллуқли бўлмайди.

Таъкидлаш лозим, автоойналарни қорайтиришга оид амалдаги талаб 30 июн куни 23:59 га қадар сақланиб қолади. Бу орқа ён ойналарни тегишли рухсатномани олмасдан тонировка ўрнатганларга ҳам маъмурий чора кўриш мумкинлигини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, рухсатнома учун тўланган маблағ қайтарилмайди. 1 июлгача орқа ён ойналарни ноқонуний қорайтириб қўлга тушган ҳайдовчилар омади чопмаган тақдирда 7,5 млн сўм (15 кун ичида тўланса, 5 млн 250 минг сўм) жаримага тортилади.

Бу – амалдаги рухсатномаси муддати 29 июн соат 23:59да тугаган ва уни узайтирмаганларга ҳам тааллуқли. Бундай ҳайдовчилар 30 июн куни автомобилини кўчага ҳайдаб чиқмаганлари маъқул.

Мавзуга оид