Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда қўшилиши мумкин. 27 март куни Ички ишлар вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.

Лойиҳада кодексга “тонировка” бўйича қуйидаги мазмундаги янги 126-1-моддани киритиш таклиф этилган:

126-1-модда. Ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатномада кўрсатилган талабларни бузиб транспорт воситаларидан фойдаланиш

Ойналар тусини ўзгартириш (қорайтириш) учун тегишли рухсатномада белгиланган қоидаларга риоя қилмаслик – БҲМнинг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.

БҲМнинг 1 баравари ҳозирда 375 минг сўмга тенг.

Бугунги кунда Ўзбекистонда БҲМнинг 8 баравари (3 млн сўм) тўлов қилиб, машинанинг олд ён ойналари тусини ўзгартириш мумкин. Рухсатнома my.gov.uz порталидан онлайн олинса, тўлов миқдори чегирма билан 2,7 млн сўм бўлади.

Бу рухсатномада белгиланган меъёрга кўра, олд ён ойналар тусини 30 фоизгача қорайтириш мумкин.

ЙҲХХ матбуот котиби Зойир Йўлдошевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, амалиётда рухсатнома олганидан кейин ойналарни 50 фоиз ва 100 фоизгача қорайтириш ҳолатлари учрамоқда.

Бундай вазиятда, амалдаги МЖтКнинг 126-моддаси (кўзгусимон ёки қорайтирилган ойнали транспорт воситаларидан рухсатномасиз фойдаланганлик) асосида, БҲМнинг 25 баравари миқдорида (ҳозирги кунда 9 млн 375 минг сўм) жарима қўлланмоқда.

“Бир неча миллионга “тонировка” учун рухсатнома олса-ю, лекин яна тонировкаси йўқлардек, БҲМнинг 25 баробари миқдорида жарима тўлашига тўғри келса, бу адолатсизлик бўлади, деб ҳисобладик.

Шунинг учун тонировка рухсатномасида белгиланган меъёрларга амал қилмаганлар учун алоҳида, БҲМнинг 1 баробари миқдорида жарима қўллаш бўйича ташаббус билдириб, шу лойиҳа ишлаб чиқилди.