15:52 / 02.07.2022
24794

“Довуд ота” постидан Қозоғистонга ўтиш ва қайтиш вақтинча тўхтатилди

Қўнғиротдаги “Довуд ота” пости орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида фуқаролар, автомобиллар ва юклар ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Қорақалпоғистон – Бейнеу йўналишида темирйўл қатнови ҳам тўхтатилиши мумкин. Бунга Ўзбекистон тарафининг тегишли ахборот тизимида келиб чиққан носозлик сабаб экани айтилмоқда.

Фото: atpress.kz

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўзбекистон томонининг ахборотига биноан Ўзбекистон билан чегарадаги “Довуд ота” – “Тажен” ўтказиш пункти вақтинча ёпилганини маълум қилди.

“2022 йил 1 июл куни ўзбек ҳамкорларимиздан олинган маълумотга биноан, ахборот тизими ишдан чиққани муносабати билан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида “Довуд ота” – “Тажен” (автомобил) ўтказиш пункти орқали фуқаролар, транспорт воситалари ва юклар ўтиши вақтинча тўхтатилди”, – дейилади хабарда.

“Довуд ота” пости Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида, “Тажен” пости эса Қозоғистоннинг Манғистоу вилояти Бейнеу туманида жойлашган.

Қўшимча қилинишича, юқоридаги сабаб туфайли Қорақалпоғистон – Бейнеу йўналишида темирйўл қатновини ҳам тўхтатиш режалаштирилмоқда.

Қозоғистон МХҚ ўтказиш пункти очилганида бу ҳақда маълумот берилишини қайд этган. Мазкур ўтказиш пункти орқали давлат чегарасини кесиб ўтмоқчи бўлган фуқароларга ўз маршрутларини аввалроқ режалаштириш тавсия этилган.

Мавзу
Қорақалпоғистондаги намойишлар
1-2 июл кунлари Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида тартибсизликлар кузатилди. Миллий гвардия ходимлари билан тўқнашувларда 200 дан ортиқ киши яраланган, 18 киши ҳалок бўлган.
Барчаси
Top