Ўзбекистон | 12:01 / 02.07.2022
83506
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистон олий ҳокимияти ноқонуний митинг бўйича баёнот берди

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Вазирлар Кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги кеча, 1 июл куни Нукусда бўлиб ўтган воқеалар юзасидан қўшма баёнот чиқарди. Маълум қилинишича, оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқ органларига фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган.

Фото: Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси

“Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган очиқлик ва хоҳиш-иродани эркин ифода қилиш сиёсатига қарамай, 2022 йил 1 июл куни Нукус шаҳрида бир гуруҳ жиноятчи шахслар Қорақалпоғистон Республикасининг давлат бошқаруви органларини эгаллашга уринишда ифодаланган ғайриқонуний ҳаракатларни ташкил этди.

Популистик шиорларни ниқоб қилиб олиб, фуқароларнинг онги ва ишончини манипуляция қилиб, тартибсизликлар ташкилотчилари ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмай, республика фуқароларини Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдидаги майдонга йиғдилар.

Иғвогарлар йиғилган фуқароларга таянган ҳолда ушбу давлат муассасаларини эгаллаб олишга ва шу орқали жамиятда ихтилоф келтириб чиқариш, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини издан чиқаришга уриндилар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан қабул қилинган қатъий чоралар билан ташаббускорларнинг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари тўхтатилиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринишлар тарқалишига чек қўйилди.

Шуни ишонч билан айтамизки, давлатимиз вазиятни янада беқарорлаштирилишига йўл қўймаслик учун барча зарур салоҳиятга эга. Оммавий тартибсизликлар ташкилотчиларининг бир гуруҳи ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга фаол қаршилик кўрсатган шахслар қўлга олинган. Ҳозирда уларга нисбатан тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Барча иғвогарларнинг шахси аниқланади ва улар амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши таъминланади.

Республикадан ташқаридаги носоғлом кучларнинг Қорақалпоғистондаги вазият ривожига, шу жумладан аниқ йўналтирилган ахборот хуружлари ва рўй бераётган воқеаларни қасддан бузиб кўрсатиш орқали таъсир қилишга уринишлари қайд этилмоқда.

Юзага келган вазиятда жамоат хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашда, фуқароларни ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан огоҳлантириб, юзага келган масалаларни қонун доирасида ҳал қилишда биргаликда саъй-ҳаракат қилишга чақирамиз”, дейилади расмий релизда.

Кеча, 1 июл куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, 1 июл соат тахминан 15.00 лардан бошлаб Нукус шаҳрида айрим фуқаролар конституциявий ислоҳотларни “нотўғри талқин қилишлари оқибатида, кутилмаганда кўча юришларини ташкил қилиб, Нукуснинг Марказий деҳқон бозорида тўпланиб, намойишлар уюштиришган”.

Жамоат тартиби бузилишининг олдини олиш ҳамда фуқаролар томонидан турли тартиббузарликларни содир этишларига йўл қўймаслик мақсадида, Нукус деҳқон бозори ҳудудига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг куч ва воситалари жалб этилган.

ИИВнинг оқшомдаги баёнотида жамоат тартиби тиклангани, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликлари ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид