Ўзбекистон | 17:00 / 05.07.2022
4725
5 дақиқада ўқилади

«Hyatt Regency» меҳмонхонасида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) қишлоқ хўжалиги вазирларининг биринчи учрашуви ва Туркий агрофорум бўлиб ўтди

Унда Ироқ, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Венгрия, Туркманистон каби мамлакатларнинг ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациялари иштирок этди.

Фото: Озиқ-овқат саноати уюшмаси

Ушбу форум Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилди. Тадбир қишлоқ хўжалиги соҳасида мавжуд кўп томонлама ҳамкорликни баҳолаш ва ТДТ аъзолари ҳамда кузатувчилар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг салоҳиятли йўналишлари бўйича фикр алмашиш, техник ҳамкорликни йўлга қўйиш, технологияларни етказиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларда синергияни кучайтириш, ўсимлик маҳсулотлари ва доривор ўсимликлар ишлаб чиқариш соҳасида ҳамжиҳатликда ишлаш имкониятларини ўрганиш мақсадида ўтказилди.

Форумда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар (Туркия, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон) қишлоқ хўжалиги вазирлари, кузатувчи давлатларнинг (Венгрия ва Туркманистон) расмий вакиллари, шунингдек, тегишли идоралар мутасаддилари, соҳага оид ташкилотлар ва етакчи компаниялар, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар вакиллари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини тараққий эттиришга қаратилган нутқлари билан қатнашди. Жумладан, Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов ҳам форумда чиқиш қилиб, соҳани ривожлантиришга қаратилган қуйидаги фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларни билдириб ўтди:

— Биз Озиқ-овқат саноати уюшмаси сифатида туркий давлатларнинг тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорлик саноатимизни изчил ривожлантиришда нақадар муҳим ўрин тутишини ўз тажрибамиздан жуда яхши биламиз.

Тарихан, давлатларимиз тадбиркорлари ўртасида яқин савдо алоқалари ривожланиб, технологиялар, малака ва соҳадаги тажрибалар ўзаро алмашиниб келинмоқда. Шу нуқтайи назардан олиб қарайдиган бўлсак, Туркий давлатлар ташкилоти фаолияти ўзаро мавжуд ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик алоқаларини янада ривожлантиришга туртки беради.

Ҳозирда уюшмамизга аъзо бўлган корхоналар Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия корхоналари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Таҳлил этадиган бўлсак, Туркий давлатлар бозори 150 миллиондан ортиқ истеъмолчи, улкан табиий ресурсларга эга, илмий ва технологик ютуқларга бой саналади. Айнан ушбу жиҳатларни ҳисобга олиб, Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятини ҳукуматлараро даражада қўллаб-қувватлаш айни пайтда муҳим аҳамиятга эгадир, десак адашмаймиз.

Ўзбекистонда агросаноат тармоғи Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан биридир. Бу борада Ўзбекистон ҳукумати ва давлат органлари томонидан давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, турли дастурларни ишга тушириш, тадбиркорларга субсидиялар бериш ва махсус ташкил этилган жамғармалар ҳисобидан янги лойиҳаларни молиялаштириш йўли билан ушбу соҳадаги хусусий секторни ҳукумат ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда.

Албатта, бутун дунё агросаноатига хос бўлган қийинчиликлар: сув етишмаслиги, тупроқ шўрланиши, экология ва шу каби масалалар ҳам борки, уларни фақат бир қанча давлатлар иштирокида ҳал қилиш мумкин. Айтиш жоиз, Туркий давлатлар ташкилоти минтақаларнинг глобал муаммоларини биргаликда ҳал қилиш имконини берувчи, тил, маданият ҳамда анъаналар бўйича мамлакатларни бир нуқтада жамловчи, ноёб платформадир.

 

Фурсатдан фойдаланиб, айни дамда туркий давлатлар тадбиркорлари ўртасидаги савдо алоқалари ва экспорт-импорт операцияларини ривожлантиришга самарали хизмат қилиши мумкин бўлган бир нечта таклифларни билдирмоқчиман:

Биринчи таклиф. Бу Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг биржалараро савдосини йўлга қўйиш имкониятини кўриб чиқишдир. Айни пайтда мамлакатимиз билан Қозоғистон, Беларус, Россия давлатлари ўртасида бу каби тадбирларнинг ижобий тажрибаси мавжуд. Хусусан, савдо географиясини кенгайтириш амалиёти товарларни айирбошлаш, тўловларни тартибга солиш ва барқарорлаштириш имконини беради.

Бундан ташқари, туркий давлатларнинг умумий савдо биржасини яратиш катта масштабли маълумотлар алмашиш платформасининг юзага келишига туртки бериб, бу ўз ўрнида, биржа савдоларида соғлом рақобат муҳити шаклланишига ҳам кўмак беради. Рақобат бўлган жойда, барчамизга маълум, доимо ўсиш, илдамлаш бўлиши – табиий.

Шунингдек, туркий давлатлар биржаларининг интеграциялашуви озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг баъзи бир ҳудудларда тақчиллашиб қолишининг олдини олади, нархларни барқарор тарзда ушлаб туришга хизмат қилади.

Иккинчи таклиф. Ўзбекистоннинг экспорт имкониятларини яхшилаш мақсадида тегишли давлат органлари кўмагида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини унификация қилиш, уларнинг биологик, техник меъёрлар ва муайян ҳудуд талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича тажриба алмашиш лойиҳасини амалга ошириш. Лойиҳа деҳқон хўжалиги, томорқа эгаси ва бошқалар ўртасида доимий ахборот алмашинувини таъминлаш мақсадида ахборот технологияларини жорий этиш орқали йўлга қўйилиши лозим.

Шу билан бирга, «яшил логистика» тизимини ҳам амалиётга татбиқ этиш зарур. Мазкур лойиҳа бир қатор хорижий мамлакатларда муваффақиятли амалга оширилиб, жаҳон бозорига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кескин оширишга хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг ўзаро тажриба алмашиши, агросекторни ривожлантиришдаги ҳамкорлиги ижобий натижаларга олиб келишига ишончимиз комил!

Ўзбекистон Озиқ-овқат саноати уюшмаси Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид