Жамият | 16:34 / 06.07.2022
19623
5 дақиқада ўқилади

Чорсу ва Цирк олдидаги чорраҳалар: Ўзгаришлар ва аҳоли фикри

Тошкент марказида, Алишер Навоий шоҳкўчасининг бошланиш қисмидаги икки чорраҳа янги лойиҳа асосида реконструкция қилинди. Kun.uz таъмирлаш ишларидан кейинги янгиликлар, пиёдалар ва ҳайдовчилар фикри билан қизиқди. Улар чорраҳалардаги янги тартиб аввалгисидан қулайроқ бўлганини айтишди.

Шу йил февралда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Алишер Навоий шоҳкўчаси реконструкция қилинишини эълон қилганди. Ҳокимлик бу ўзгаришлар орқали “тирбандликларни камайтириш, ҳайдовчилар ҳамда пиёдаларга қулайлик яратиш” мақсад қилинганини билдирганди.

Дастлабки лойиҳага жамоатчилик жиддий эътироз билдиргач, кейинроқ ҳокимлик лойиҳалаштириш ишларига хорижлик мутахассисларни жалб этди. Kun.uz таъмирлаш ишларидан сўнг Алишер Навоий шоҳкўчаси қандай кўриниш касб этгани, шаҳар ҳокимлиги ваъда қилган қулайликлар нечоғли амалга ошгани билан қизиқди.

“Олдингига қараганда ҳозир аҳвол яхшироқ. Олдин “пробка” бўларди. Ҳозир Самарқанд дарвозадан келишда икки қатордагилар Алишер Навоий кўчасига, яна икки қатор Беруний кўчасига буриладиган қилингани учун аввалгидан енгилроқ ўтиб-қайтяпмиз”, дейди йўналишли-такси ҳайдовчиси.

“Ҳозир анча яхши томонга ўзгарган. Олдингига нисбатан яхши бўлди. Илгари бу кўчалар тиқилинч, тирбанд бўларди, ҳозир ундай бўлмаяпти”, дейди автобус ҳайдовчиси.

“Йўл ўзгартирилмасидан аввал бу ердаги “пробка”лар Самарқанд дарвоза савдо маркази жойлашган чорраҳагача бораётганди. Ҳозир унақа нарса йўқ”, дейди яна бир ҳайдовчи.

Юқоридан олинган тасвирлардан кўриш мумкинки, таъмирлаш ишларидан сўнг чиндан ҳам Самарқанд дарвоза, Беруний кўчалари ва Алишер Навоий шоҳкўчасида тирбандликлар камайган, йўлларнинг ўтказувчанлиги ошган, илгари автомобиллар бир кўчадан иккинчисига ўтиш учун узоқ вақт кутиб қолган бўлса, ҳозирга келиб бу муаммо бартараф этилган.

Бундан ташқари, йўлларнинг ўртасида оролчалар ташкил этилган бўлиб, бу ерда пиёдалар светофорнинг яшил чироғи ёнишини кутиб туришади ва шундан сўнг йўлларида давом этишади. Оролчалардан бир вақтнинг ўзида турли нуқталарга ўтиб олиш мумкин. Хўш, пиёдалар ушбу ўзгаришлардан қанчалик мамнун?

“Йўл жуда чиройли ва пиёдалар учун қулай қилиб таъмирланди. Ҳамма учун яхши бўлди, илгари фақат ерости йўлидан ўтиш мумкин эди, у ерга тушиб-чиқиш қари одамларга қийинчилик туғдирарди. Ҳозир чорраҳанинг ўзидан ҳамма тарафга ўтиш мумкин, жуда яхши жой бўлди. Мен ўзгаришлардан жуда хурсанд бўлдим”, дейди пиёдалардан бири.

“Йўлда жуда кўп юраман. Чорсу чорраҳасида пиёдалар ўтадиган йўл йўқ эди. Қийналардик, баъзида қоида бузишга ҳам тўғри келарди. Таъмирлаш ишларидан сўнг пиёдалар учун қулайликлар яратилди. Энг асосийси ва қувонарлиси, йўллардаги тирбандликлар жуда ҳам камайган.

Пойтахтдаги жуда кўп чорраҳаларда, йўлларда амалга оширилган ўзгаришлар, замонавий ёндашув натижасида кўплаб тирбандликларнинг олди олингани, бунинг натижасида ҳайдовчиларга қулайликлар яратилгани ва пиёдаларнинг ҳам хавфсизлиги таъминланганини кўриш мумкин. Бошқа чорраҳаларда ҳам мана шундай ишларнинг давом этишини кутиб қоламиз”, дейди бошқа бир пиёда.

Фурқат, Алишер Навоий, Себзор ва Зарқайнар кўчалари кесишувида жорий этилган янгиликлар ҳам тирбандликларни камайтиргани, бир кўчадан иккинчи кўчага ўтиш, қайрилиб олишни осонлаштирганини кўриш мумкин.

Жумладан, илгари Фурқат кўчасидан (Халқлар дўстлиги майдони томондан) келиб Чорсу тарафга бормоқчи бўлган ҳайдовчилар Навоий кўчасига бурилиб, Миллий академик драма театри ёнидан ортга қайрилиб олишлари, бунинг учун эса узоқ вақт кутишлари талаб этиларди. Ўзгаришлардан сўнг ҳайдовчиларга Фурқат кўчасидан келибоқ Чорсу томонга ҳаракатланиш имконияти яратилган.

Бундан ташқари, энди транспорт воситалари Алишер Навоий кўчасидан – Фурқат кўчасига бурилишлари ҳам мумкин.

Таъмирлаш ишларидан кейин Зарқайнар кўчасидан Алишер Навоий кўчасига ўтиш ҳам анча қулайлашган. Шунингдек, кузатувларимиз пиёдалар учун ҳам етарлича қулайликлар яратилганини кўрсатди.

Хулоса қилиш мумкинки, Тошкентдек катта шаҳарда, минглаб одамлар фойдаланадиган инфратузилмани режалаштиришда зарур ҳолатларда хорижлик тажрибали ва ўз ишининг устаси бўлган экспертлар ёрдамига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Жамшид Ниёзов, журналист
Суратлар муаллифи ва монтажчи: Муҳиддин Қурбонов

Мавзуга оид