Президент куч тузилмаларининг Нукусдаги ҳаракатларига баҳо беришга топшириқ берди
Президент Нукусдаги воқеаларнинг барча иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича топшириқ берди. Шунингдек, агар куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, улар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.
Президент Шавкат Мирзиёев архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик масалаларига бағишланган йиғилишда 1−2 июл кунлари Қорақалпоғистонда юз берган намойишларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Албатта, бу воқеалар бир кунда ёки ўн кунда ташкил қилинган эмас. Бу ҳаракатларга четдаги ғаразли кучлар томонидан йиллаб тайёргарлик кўрилган. Уларнинг асл мақсади Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига тажовуз қилиш ва миллатлараро низо келтириб чиқаришга қаратилган», дейди президент.
Бўлиб ўтган воқеаларни ҳар томонлама чуқур ва холисона тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари бошчилигида тергов ва суриштирув гуруҳи иш олиб бораётгани, бу жараёнга холис томонларни, яъни жамоатчилик вакиллари, депутатлар ва фаолларни ҳам жалб қилиш зарурлиги таъкидланган.
Бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга ҳар бир ҳолат чуқур ва холисона ўрганилиши ва воқеа иштирокчиларининг хатти-ҳаракатларига адолатли ҳуқуқий баҳо берилиши топшириқ қилинган.
«Шу ўринда, куч тузилмаларининг ҳаракатлари ҳам чуқур таҳлил қилинсин. Агар улар томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, амалдаги қонунчиликка асосан уларнинг ҳам жиноий жавобгарлиги таъминлансин», деган давлат раҳбари.
Ҳозирги вақтда Қорақалпоғистондаги вазият изга тушаётгани маълум қилинган.
«Энг асосийси, аҳолининг тинчлиги ва ҳаётига ҳеч нарса хавф солаётгани йўқ.
Иқтисодиёт тармоқлари ишламоқда. Одамлар кундалик ишлари ва юмушлари билан банд. Деҳқонлар ўз даласида ишламоқда, пешона тери билан яратган ҳосилларини йиғиштирмоқда.
Бозорлар, дўконлар ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан бу ерга озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Давлат ҳокимияти органлари, жамоатчилик вакиллари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари томонидан ҳудудда барқарор вазиятни таъминлаш бўйича уюшган ва мувофиқлашган ҳолда иш олиб борилмоқда», дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, ҳудудлар раҳбарлари ҳушёрликка чақирилган.
«Юз берган воқеаларни таҳлил қилар эканмиз, биз бир нарсани ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: агар ўз вақтида қатъий чора кўрилмаса, меҳнаткаш ва бунёдкор халқимиз ўн йиллар давомида машаққат билан эришган ютуқ ва марралар ғаразли ташқи кучларнинг таъсири билан жиддий хавф остида қолиши мумкин экан.
Агар доимо ҳушёр ва огоҳ, қатъиятли бўлиб иш кўрмасак, юртимиз, хонадонларимиз тинчлиги ва осойишталиги, фарзандларимиз келажаги осонгина хавф остида қолиши ҳеч гап эмас экан.
Мана шу ҳақиқатни, бугунги кунда қандай нотинч ва мураккаб замонда яшаётганимизни жойлардаги барча раҳбарлар яна бир бор ҳар томонлама чуқур тушуниб олишлари лозим», деган президент.
Мавзуга оид

17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди

15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди

00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди

20:19 / 24.12.2024