15:27 / 09.07.2022
33597

Имтиҳонлар санаси, тартиби ва бошқалар: Сардор Ражабов билан суҳбат

Олийгоҳларга кириш имтиҳонларига саноқли кунлар қолди. Kun.uz бу йилги тест синовлари юзасидан абитуриентларни қизиқтираётган саволлар юзасидан Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов билан интервю ташкил этди.

– Имтиҳонлар очиқ ҳавода ўтадиган бўлди, абитуриентларга қандай шароит яратилади?

– Давлат комиссиясининг қарорига мувофиқ, тест синовлари очиқ хиёбон ва стадионларда бўлиши белгиланди. Уларнинг рўйхати тасдиқланди ва бу тўғрисида Давлат тест маркази абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарига хабар берди. Қандай ташкил этилишига келадиган бўлсак, биринчи йил эмас, учинчи йил тестларни очиқ стадион ва хиёбонларда ташкил қиляпмиз.

54та стадион ва хиёбон танлаб олинган. У ерда барча шароитлар яратилади. Биринчидан, абитуриентлар шахсини идентификациялаш, Face-ID орқали текшириб киритиш, ундан кейин ҳар бир гуруҳга камера, иккитадан назоратчи қўйишни режалаштирганмиз. Ундан ташқари, тест жараёнлари тўғридан тўғри эфирга узатилади. Ҳар домгидек ручка, сув берилади. Агар махсус комиссиянинг тиббий ниқоб бериш ҳақида қарори қабул қилинса, ниқоб ҳам тарқатилади. Ўтган йилга солиштирадиган бўлсак, ташкилотчилик сифати ундан-да яхшироқ бўлишига ҳаракат қиламиз.

– Ёз ойи бўлгани учун ҳаво ҳарорати жуда иссиқ, абитуриентларга бош кийим тарқатиш кўриб чиқилмаяптими?

– Икки йил давомида бош кийимлар тарқатилди. Бу йил ҳали бу ҳақда бизга топшириқ йўқ, чунки жойлар тайёргарлиги энди бошланди. Ўйлайманки, очиқ жойда бўлса, бош кийим ҳам берилади. Агар абитуриентлар ўзининг бош кийими билан келса ҳам, бунга ҳеч қандай чеклов бўлмаган.

– Чет тилидан ижодий имтиҳон қандай шароитда ўтказилади? Қайси санадан қачонгача ва уларни баҳолаш мезони қандай бўлади?

– Бу йил Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 6та олий таълим муассасасида чет тили биринчи тил сифатида киритилган бўлса, уларга ижодий имтиҳон олиниши ҳамда президент қарори билан ижодий имтиҳон топширадиган йўналишларга 10 июлгача рўйхатга олиш белгиланди. Доимий равишда бу ҳақда абитуриентларни огоҳлантиряпмиз, ҳамма 20 июлгача ўтса, сизлар 10 июлгача ўтиб бўлишингиз керак, деб. Чунки улардан 4та кўникма бўйича (тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш) имтиҳон ўтказишимиз керак.

Уларни ташкиллаштириш ва баҳолаш мезони ҳамда формати қандай бўлади деган савол бор. Ҳукуматнинг 73-сонли қарори билан формати белгиланган, шу формат доирасида B1 даражадаги саволлар бўлади. У тестлар ДТМ веб-сайтида турибди. У ерда намунавий саволларни ишлаб кўрса бўлади. Шунингдек, веб-сайтимизда онлайн имтиҳон топшириб кўриш мумкин.

Чет тилидан ижодий имтиҳонда ҳар бир кўникма учун 30 баллдан, жами 120 балл берилади. Шу балл 93 баллга фоиз жиҳатдан конвертация қилинади. Агар сиз тестга кириб 4та кўникма бўйича жами 80 фоиз натижа кўрсатган бўлсангиз, сизга 93 баллнинг 80 фоизи берилади.

Яна бир томони бор, ижодий имтиҳон бўладиган 6та ОТМга топшираётганлар фақат шу ОТМга топшира олади. Шунингдек, ижодий имтиҳонлар ёпиқ биноларда ташкил этилади, чунки тинглаб тушуниш имтиҳонини очиқ ҳавода ўтказиш имконсиз.

Гапириш имтиҳони компютерда олинади. Бунда ДТМ томонидан яратилган дастурга абитуриент ЖШИРни киритиш орқали тизимга киради ва эксперт билан гаплашади. Савол-жавоб тугагандан кейин дастур аудиони иккинчи экспертга юборади. Иккинчи эксперт ҳам баҳолайди ва икки экспертнинг балларидан келиб чиқиб ўртача балл автоматик ҳисобланиб қўйилади.

Агар биринчи ва иккинчи эксперт қўйган баҳолар бир-биридан кескин фарқ қилса, унда дастур уни автоматик 3-экспертга юборади. Дастур 3-эксперт орасидан бир-бирига яқин икки экспертнинг баҳосини олиб, ўртача натижа чиқаради.

Кўпчилик ўзимдан ҳам сўраяптики, коррупция бўлмайдими, деб. Дастур шу сабабли яратилган эдики, у абитуриент гапириш имтиҳонини топширгач, унинг аудиосини исталган экспертга автоматик тасодифий танлаб юборади. Бизда экспертлар базаси бор. ДТМ ёки кимдир фалончи абитуриентнинг ишини фалончи экспертга юборишни танлаб бера олмайди.

Ёзиш кўникмаси ҳам шунақа, яъни ёзиб топширгандан кейин скайнер қилинади ва жавоб варақасини дастур ёпади ҳамда рандом тарзда исталган экспертга юборади.

– Ижодий имтиҳонларни абитуриентлар яшаш жойида топшириши учун ҳам шароит бўладими?

– Имтиҳонлар барча ҳудудларда ташкиллаштирилади. Бизда чет тилини билиш бўйича CEFR имтиҳонлари қандай ташкил қилинса, худди шунга ўхшаган тарзда тест синовлари ўтказилади.

– Кечга қолган абитуриент тестга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўладими?

– Ҳукуматнинг 261-қарори билан тасдиқланган низомда белгилаб қўйилганки, кечга қолган абитуриент тест синовларига киритилмайди. Биринчидан, кечга қолган абитуриент бошқаларга халал беради. Чунки назоратчи жавоблар варақаси ва тест топшириқлар китобини қандай тўлдириш мумкинлиги ҳақида тушунтириш беради. Кеч қолган абитуриентга қайта тушунтиришнинг имкони бўлмайди, чунки бу бошқаларга халал беради. Бундан ташқари, абитуриентларда “тест китоблари очилганидан кейин келиб ўтирди”, деган маънода эътироз бўлиши мумкин.

Кеч қолган абитуриентни киритмаймиз, лекин қанақадир даражада вақт беряпмиз. Биринчи йили соат 8:00 да тест бошланадиган бўлса, бир дақиқа кечикса ҳам киритмаётган эдик. Лекин ўтган йил беш дақиқа вақт бердик, бу йил ҳам, ўйлайманки, шунақа бўлади. Лекин тест синовлари бошланганидан кейин ҳеч ким тестга киритилмайди.

– Бу йил ҳам тест синовлари 1 августдан 15 августга қадар ўтказиладими ёки қандайдир ўзгаришлар бўладими?

– Комиссия қарори билан имтиҳонлар қачондан қачонгача ўтказилиши белгиланади. Чунки нечта абитуриент бўлиши номаълум, ҳали қабул тугамади. Барча абитуриентлар ҳақида маълумот ҳосил бўлгандан кейин ўтириш ўринларига қараб уларни тақсимлаб, тест синовлари неча кун давом этиши белгиланади.

Ҳозир хиёбон ва стадионлар тайёрланяпти, барча ташкилий ишлар тугагач, тест муддати эълон қилинади. Ўйлайманки, августнинг бошида бошланади ва албатта абитуриентлар сонига қараб неча кун чўзилиши маълум бўлади.

– Қандай ҳолларда абитуриент имтиҳондан четлаштирилиши мумкин?

– Телефон олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирса. Телефонми, соатми, ҳар қандай шпаргалка олиб кириш мумкин эмас. Абитуриентлар асосан шу сабаб билан четлаштирилади. Бундан ташқари, саволлар китобини алмашса ёки бир-бири билан гаплашса, бошқа абитуриент ўрнига ўтириб тест ишлашга уринса, четлаштирилади.

Ўтган йил кузатилди, қандайдир йўл билан телефон олиб киряпти ва саволлар китобини расмга олиб чиқариб юборяпти. Саволлар китоби ҳар бир абитуриент учун индивидуал тузилган. Расмга олиб чиқариб юборганда эса саволлар китобининг рақами кўриниб қолди. Биз шундай рақамли китоб қайси имтиҳон нуқтасига кетганини аниқлай оламиз. Камераларни кўтариб, телефон ишлатганига гувоҳ бўлиб, абитуриентни четлаштирганмиз.

Ундан кейин, саволлар китобининг рақамини ёпиб тарқата бошлашди, лекин индивидуал вариант бўлгани учун ўша саволлар кетма-кетлигидаги вариантлар кимга тегишлилигини аниқлаймиз ва камерани кўтариб ўша абитуриентни тестдан четлаштирамиз.

Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Оператор ва монтаж устаси Мирвоҳид Мирзараҳимов.

Top