Жамият | 12:20 / 11.07.2022
15988
3 дақиқада ўқилади

“Отдан йиқилиб 45 кун бир жойда ётдим” – фарғоналик отбоқар

Шуҳрат Аҳмадалиев Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида яшайди. У болаликдан отларга меҳр қўйган. “Олимбек ҳожи” фермер хўжалигида 20 йилдан бери отбоқарлик қилади.

“Фермер хўжалигида 100 бош наслли отлар парвариш қилинади. Араб, Қорабайир, Туркман отларини йилдан йилга кўпайтириб келяпмиз. Югуришда ахалтекин туркман отларининг олдига тушадигани йўқ. Чидамлилик борасида ўзимизнинг Қорабайир отлари яхши. Араб отларининг бўйи баландроқ ва иссиққа чидамли бўлади.

Ҳар куни эрталаб отларни яйловга олиб келиб то қош қорайгунича боқамиз. Қишга эса захира сифатида ўт босамиз. Қиш фаслида отларга махсус хоналарда ем берилади. Спорт мактаблари билан шартномалар қилганмиз. Ёш спортчилар отларимизни миниб, машқ қилишади. Улоқ ўйинларида ҳам йилқилар соврин олиб келган”, – дейди у.

“От минган одам дардга чалинмайди”

“Отларимизнинг яна бир ўзига хос қизиқ жиҳати — эркак от подани ўзи олиб чиқади. Бошқа экинларга кириб кетишмайди. Айнан ўша эркак от атрофда айланиб юриб ўзи боқиб юради подани. Бирорта бия дайдиб қолгудек бўлса йўлдан қайтариб подага қўшади. Бегона одам ёки бирор ҳайвон йилқиларга ораласа, подага бош бўлган от уни қувлаб чиқариб юборади.  

Отларимизнинг ҳаммаси бизлар учун бебаҳо. 10 минг доллардан 1 млн долларгача нархлардаги отлар бор. От боқишдан мақсад уларни кўпайтиришдан иборат.

От минган одам касал бўлмайди. От одамни ёшартиради. Жониворнинг инсон танасидаги дардни ўзига тортиб оладиган хусусияти бор. От эгасига вафодор. Касал бўлиб ётиб қоладиган бўлсангиз у сизга хамроҳ бўлади. Отдан йиқилиб тушган пайтда жонивор кетиб қолмай ёнингизда туради.

Отлар кўзи билан гаплашади. Кўзи билан кўп нарсани сезиб олади. Ёнига яқинлашаётган одамнинг кўзига қараб туриб унинг асл мақсадини билиб олиш хусусиятига эга. Агар отга аёл киши минадиган бўлса у буни ҳис қилади ва аста-секинлик билан ҳаракатланади. Ёш болалар минса ҳам худди шундай.

 

От устидан кўп марта йиқилганман. Оёқ-қўлларим кўп марта синган. Ишқибозлигимиз сабаб от боқишдан қайтмайман. Охирги марта йиқилганимда 45 кун бир жойга ётганман”, – дейди у.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири,
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид