Ўзбекистон | 08:22 / 12.07.2022
18637
12 дақиқада ўқилади

«Толибон»нинг муаммолари, дўстлари ва Ўзбекистон билан алоқалари – Элчи билан интервью

Kun.uz мухбири ўтган ойда Кобулга сафари давомида Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов билан суҳбатлашди. Интервью давомида элчи «Толибон» ҳукумати дуч келаётган ички ва ташқи муаммолар, музлатилган пуллари, коррупция ва халқаро ҳамжамиятнинг шартлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистондаги лойиҳалари ва икки давлат муносабатларига доир кўплаб мавзуларда фикр билдирди.

Фото: Kun.uz

Авваламбор, ассалому алайкум, Ёдгор ака! Сизнинг элчилик фаолиятингиз давомида Афғонистонда ҳокимият тепасига толиблар келишди. Сиз иккала ҳукуматни шахсан кўрган ва улар билан алоқада бўлган шахс сифатида бугун қандай ўзгаришларни айта оласиз?

— Ҳозир Афғонистондаги вазиятни баҳолашнинг омиллари жуда кўп, хабарингиз бор, бу мамлакат кўп йиллардан бери Жанубий Осиё минтақасидаги нотинч давлатлардан бири бўлиб келган. 2021 йилнинг феврал-март ойларидан бошлаб расмий ҳукумат ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги қарама-қаршилик чўққисига чиқа бошлади. Май ойларидан «Толибон» кунма-кун кўплаб қишлоқ ва шаҳарларни эгаллаб борди, 15 август куни пойтахт Кобулни таслим қилиб, ўз ҳукуматини ўрнатди.

Шундан кейин қийинчиликлар бошланди, халқда қўрқув бор эди. Буни одамларнинг самолётларга тирмашиб қочиб кетишга уринишида ҳам кўрдик. Афғонистонни юқори малакали мутахассислар тарк этиши ҳам давлат учун негатив зарба бўлди.

Бундан ташқари, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этгач унинг хориждаги 9,4 миллиард доллар маблағлари музлатиб қўйилди. Бу мамлакатни иқтисодий ривожлантириш йўлида иккинчи негатив зарба бўлди. Давлат ташкилотлари ходимлари ҳам банкдан ўз маошларини ололмай қолди. Нафақат давлат ташкилотлари, балки оддий фуқаролар ва тадбиркорларнинг пуллари музлатиб қўйилган ҳолатлар ҳам бор. Ҳануз валюта тақчиллиги туфайли тадбиркорларга ҳафтасига 200 доллар, ташкилотларга 25 минг доллардан ортиқ пул берилмаяпти. Музлатилган пулларнинг қайтарилмаётгани ижтимоий ҳаётга ҳам салбий таъсир қиляпти.

Бундан ташқари, бугун Афғонистон бюджетини ички тушумлар ҳисобидан шакллантиришга мажбур, ваҳоланки аввалги ҳукумат даврида бюджетнинг 60-70 фоизи донор давлатлар берган ёрдамлар эвазига шакллантирилган эди. Ҳозир ички тушумлар ҳам камлиги учун ҳукуматнинг айрим харажатлари чекланган.

Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, давлатлар Афғонистон халқини гуманитар бўҳрондан олиб чиқиш учун ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон шу кунга қадар 4 марта гуманитар ёрдам юборди.

25 июн куни Ўзбекистон президентининг махсус вакили Исматулла Эргашев раҳбарлигидаги делегация Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини етказди.

Бундан ташқари, мамлакатда ижтимоий соҳадаги муаммолар ҳам мавжуд. Фан-таълим, мактабларнинг кеч очилиши, катта ёшдаги қизларнинг таълимига чекловлар сақланиб қолмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда Афғонистоннинг 24 миллион аҳолиси камбағаллик даражасига етиб келган. Ишга яроқли аҳолининг 49 фоизи эса ишсиз. Ишсизликнинг юқорилиги камбағалликнинг ошиб боришига туртки бўляпти. Афғонистон аҳолиси 35 миллион дея ишонч билан айтолмайман, чунки охирги аҳолини тўлиқ рўйхатдан ўтказиш 1975 йилда бўлган. Ундан кейинги рақамлар ҳисоб-китобларга таяниб айтиб келинади. Паспорт тизими ҳам жуда секин ишлаяпти.

Ўтиш даврида давлат бошқарув органларида ҳам қийинчиликлар бор, янгилар келган улар мослашиши керак. Лекин асосий муаммо иқтисодий-гуманитар муаммо бўлиб қолмоқда.

Яна бир нарса, хавфсизликни таъминлаш борасида ижобий ўзгаришлар бор. Аввалгидек тўқнашувлар ва портлашлар йўқ, анча тинч мамлакат. Лекин хавфсизликка таҳдид бўлиб турган иккита омил бор. Булар «Хуросон ислом давлати» аъзолари масжидлар ва жамоат жойларида терактлар уюштиряпти. Яна бир омил Аҳмад Масъуд бошчилигидаги партизанлик ҳаракати. «Толибон» буларнинг иккаласига ҳам қарши курашиб, тинчликни таъминлашга уриниб келмоқда. Энг асосийси, Афғонистоннинг барча расмийлари Ўзбекистон томонига таҳдид бўлмайди, деб айтиб келишмоқда.

 Аввалги ҳукумат даврида халқаро донорлар юбораётган ёрдам пулларининг кўп қисмини ҳокимият тепасидаги юқори мартабали амалдорлар ўзлаштириб юбориши, мамлакатда коррупция авж олгани ҳақида кўплаб ёзилган. «Толибон» ҳукумати ҳозирги келаётган ёрдамларнинг ўз эгаларига етиб бориши ва умуман коррупцияга қарши кураш борасида қандай ишлар қиляпти?

— Ҳақиқатдан аввалги ҳукумат даврида донорлардан келаётган пулларнинг 10-25 фоизгача қисми «ютилиб кетиши» ҳақида ва мамлакатда коррупция жуда кучли деган фикрлар юрган. Буни очиқ-ойдин афғон оммавий ахборот воситаларида ҳам бериб боришган.

Бугун «Толибон» шунга қарши курашишни бошлаб юборган, бирор жойдан молиявий маблағ ёки ёрдам келса, уни кўрсатишяпти. Унинг халққа қай тартибда йўналтирилиши ҳам айтиляпти. Ўз ўрнида, агарда бирор расмий пора ёки фирибгарлик билан қўлга тушса, шариат қонунлари бўйича жазоланмоқда ва телевидениеда ҳам намойиш этилмоқда. Кичик муддатда кўп мисоллар келтириш қийин, лекин айта оламанки, коррупцияга қарши кураш бўйича халқнинг фикри ижобий.

Ўзбекистонда жанубдаги океанга Афғонистондан ўтиб Эрон ёки Покистон орқали чиқиш бўйича лойиҳалар бор эди. Ҳозир Афғонистондаги темирйўл лойиҳаси ниҳоясига етгач, қайси бири порт танланиши назарда тутилмоқда?

— Ҳозирга кунда президентимиз ташаббуслари билан Мозори-Шариф - Қобул - Пешавор темирйўлини қуриш лойиҳаси доирасида ишлар давом этмоқда. Бугунги кунда трассаларни ўрганиб чиқиш бўйича керакли комиссиялар ташкил қилинган. Комиссия ҳозир бу трассани геофизик жиҳатдан ўрганиб, хулоса тайёрлаши керак. Бу осон иш эмас, Мозори-Шарифдан бошлаб темир йўл тушадиган йўлларни экспедиция аъзолари ўрганиб чиқиши керак.

Бу бўйича ишлар бошланган, ҳозир хавфсизликни таъминлаш, чиқимлар ва бошқа масалалар муҳокама қилинмоқда.

Термиз – Мозори-Шариф - Қобул – Пешавор – Карачи йўналиши. Фото: Yandex maps

Пешавор йўналиши бизни денгизга чиқишимиз учун хизмат қиладиган катта лойиҳа бўлади. Агар ҳозир биз денгизга чиқиш учун 15-20 кун вақт сарфлаётган бўлсак, темирйўл қурилиши буни икки маротабага камайтиради. Тахминий мўлжаллар бўйича, 4-5 кунда юкларни Покистонга олиб чиқиш ёки у ердан олиб келишимиз мумкин бўлади. Карачи портига ёки бошқа портларга борсак ҳам у ерда бемалол денгиз орқали юкларимизни сотишимиз ёки ташишимиз мумкин бўлади.

Ўзбекистон нима учун Афғонистонга Мозори-Шарифдаги аэропортни реконструкция қилиб бермоқда, бундан бизга қандай наф бор?

— Бизнинг жанубий сарҳадларимизда жойлашган бу шаҳар нафақат биз учун, балки Осиё ва Европа давлатлари учун ҳам асосий транзит ҳудуд ҳисобланади. Бундан ташқари, Мозори-Шариф Афғонистоннинг йирик иқтисодий ҳудудларидан бири ҳамда Ўзбекистон орқали олиб кирилаётган юкларнинг деярли барчасини тарқатувчи мажмуа десак бўлади. Шунинг учун ҳам у биз учун муҳим. Иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда Ҳайратон ва бу шаҳарнинг ўрни ҳам жуда катта.

Мозори-Шариф халқаро аэропорти. Фото: Wikimedia

«Толибон» ҳукуматга келгач илтимосга кўра, бизнинг мутахассислар кириб, Мозори-Шариф халқаро аэропортини қайта реконструкция қилиб берди. Нафақат бино ёки майдон, балки техник, навигация тизимини таъмирлаш ва бошқа масалаларда ҳам бизнинг мутахассислар ёрдам берди.

Бугунги кунда ҳам учиш йўлагини таъмирлаш ва парвоз учун тайёрлаш ишлари кетяпти. Аввалдан Мозори-Шариф – Тошкент авиақатновини йўлга қўйиш режаси бор эди, лекин режа ҳукумат алмашгач, чўзилиб кетди.

Келажакда бу қатнов йўлга қўйилади, деб ўйлайман. Бундан ташқари, карго мақсадларида ҳам бу аэропортдан фойдаланиш мумкин бўлади. Шу сабабли бу афғон халқига ҳам дўстона, ҳам ўзимизнинг иқтисодий манфаатларимиздан келиб чиққан бир иш деб ўйлайман.

— «Толибон» ҳукуматини тан олиш борасида халқаро ҳамжамият бир қанча шартлар қўйган. «Толибон» бу шартларни бажариш борасида қандай ҳаракат қилмоқда?

— Афғонистон ҳукуматини тан олиш учун асосан иккита шарт: инклюзив ҳукумат ва инсон ҳуқуқлари, асосан аёллар ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш шартлари қўйилганди.

Лекин 2021 йил сентябрда эълон қилинган ҳукумат инклюзив бўлмади. Баъзи афғон расмийлари буни инклюзив ҳукумат дея атаётган бўлса-да, АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатлари талаб қилаётган ҳукумат таркибида Афғонистонда яшаётган барча этно конфессия вакиллари, аёллар ҳам ҳукумат таркибига кириши керак эди. Аёлларнинг таълим олишига ҳам барьерлар пайдо бўлиб, бу уларнинг ҳуқуқлари чекланиши дея баҳоланмоқда. Шу сабабли ғарб давлатлари очиқдан очиқ талаб бажарилмагунча тан олмаймиз, демоқда.

Менимча, бу масала ҳали давом этади. Афғонистон ҳукумати бу борада ижобий ишлар қилишига умид қиламан. Давлат сифатида тан олиниши Афғонистон учун кўплаб эшикларни очади.

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов. Фото: Kun.uz

 «Толибон»нинг ҳукумат тепасига келишини оддий халқ қандай қабул қилмоқда?

— Очиғини айтсам ижобий ҳам, салбий ҳам қабул қилаётганлар бор. «Толибон»ни руҳан қўллаган ва унга мойил шахсларни бугун давлат ташкилотларида кўриш мумкин. Республика даврида манфаатдор бўлганлар албатта норозиликларни билдиришмоқда. Учинчи бир қатлам эса республика даврида ишлаган ёки бошқа фаол аёллар ҳали ҳам норозилик намойишлари қилишмоқда.

Фикрлар турфа хиллиги бор. Баъзи нашрлар ёпилиб кетган, ишлаётганлари ҳам кўп. Ҳукуматни танқид қилиш бор, лекин меъёр даражасига келган. Эркин фикрларини беради, лекин қайсидир маънода цензура бор.

— «Толибон» қайси давлатларни ўзига дўст сифатида кўрмоқда?

— Ташқи ишлар вазирлигида Қатар давлатини, шунингдек Туркия ва Хитой билан муносабатлари яхши эканлигини таъкидлаб ўтишади. Қатар ва Туркия Кобул аэропортини таъмирлашга ёрдам беришди. Бугун толибларнинг кўплаб музокаралари Доҳа шаҳрида ўтказилмоқда. Шу жумладан, Ўзбекистон билан ҳам муносабатлар яхши. Бугун икки давлат ўртасида ҳар бир даражада мулоқот ўрнатилган. Бундан ташқари, Туркманистон ва Қозоғистон ҳақида ҳам яхши фикрлар билдирилади.

Покистон, Ҳиндистон ва Эроннинг минтақадаги ролини эътироф этмасдан иложи йўқ. Булар ҳам Афғонистон ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Исматулла Эргашев Кобулда афғон ва ўзбек нашрларига интервю бермоқда 

Афғонистон ва Ўзбекистон фуқаролари борди-келдиси учун қандай тартиблар ўрнатилган. Икки давлатда ҳам ўзаро виза орқали кириш режимидами?

— Ҳозир афғонистонлик ҳайдовчиларнинг Ўзбекистонга кириб юк машиналарида юк олиб келишига рухсат бериш масаласи илтимос қилинган. Бу ҳозирча кўриб чиқилмоқда. Бизнинг ҳайдовчилар келишув асосида яқинда Афғонистон орқали Покистондан гўшт олиб келишди. Биринчи қадам ташланди, энди бу каби транзит масалалари ўз ечимини топиб, такомиллашиб бориши керак.

Аввалги республика даврида бизга йилига 30-40 минг афғонистонлик сайёҳлар кирган. Кейинчалик пандемия муносабати билан виза бериш учун чекловлар қўйилди. Ҳукумат томонидан карантин чекловлари ечилгач, биз Афғонистон фуқароларига бизнес ёки бошқа визалар беришни бошлаймиз. Бу вақтинчалик чора, деб ҳисоблайман.

Лекин ҳозир Кобул – Тошкент - Кобул рейслари тўлиб учмоқда. Учинчи мамлакатга учмоқчи бўлганлар бемалол билетини кўрсатиб, Тошкент орқали учиши мумкин.

Афғонистон виза бериш борасида чекловлар қўймаган, лекин мен ўзбекистонликларни бу ерга учиб келиши бўйича тенденция паст эканлигини кўряпман. Фақат расмийлар ёки бизнес делегациялар келиб-кетмоқда.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди

Мавзуга оид