Жаҳон | 13:26 / 16.07.2022
6441
2 дақиқада ўқилади

G20 молия вазирлари якуний баёнот бўйича келиша олмади

«Катта йигирматалик аъзоларидан бири тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олган Украинадаги уруш «йигирматалик»нинг ҳаракат ва музокаралар олиб бориш қобилиятига жиддий путур етказди», — дея маълум қилди Франция Молия вазирлиги.

Фото: Sonny Tumbelaka / AP

G20 молия вазирларининг Балидаги учрашуви, афтидан, якуний коммюникесиз якунланади, бунга сабаб иштирокчиларнинг Россия Украинада олиб бораётган урушини, шунингдек, ушбу тажовуз оқибатларини баҳолашдаги келишмовчилиги бўлган. Бу ҳақда 16 июль, шанба куни Reuters агентлиги Молия вазирликлари раҳбарларининг учрашуви билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган икки суҳбатдошига таяниб хабар берди. Индонезия молия вазири Шри Муляни Индравати бу икки кунлик саммитни алоҳида баёнот билан якунлаши кутилмоқда.

«G20 аъзоларидан бири тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак бўлган Украинадаги уруш «Йигирматалик гуруҳ»нинг ҳаракат ва музокаралар олиб бориш қобилиятига жиддий зарар етказди», — дейилади Франция Молия вазирлиги баёнотида. Шу билан бирга, Reuters агентлигига кўра, ривожланаётган етакчи иқтисодиётлар – Хитой, Ҳиндистон ва ЖАР вакиллари Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини баҳолашда анча вазмин позицияни эгаллаяпти. Бир кун аввал АҚШ молия вазири Жанет Йеллен ва унинг канадалик ҳамкасби Христя Фриланд Украинадаги урушни айни дамда жаҳон иқтисодиёти учун энг катта таҳдид деб атади. Фриланд ўзининг Twitter микроблогида Россия вакилларининг Балида бўлишини «ўт ўчирувчилар йиғилишида ўт қўювчининг иштироки» билан солиштирди. 

Reuters хабарига кўра, Россия молия вазири Антон Силуанов саммитда виртуал иштирок этган, унинг вакили мажлислар залида бўлган. Музокаралар чоғида саммит иштирокчилари паст ривожланган мамлакатларнинг қарзларини енгиллаштириш, жаҳон иқтисодиётини бўлажак пандемияларга тайёрлаш, инфляцияга қарши курашиш каби мавзуларни муҳокама қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид