Йоханнесбург шаҳрида 21–22 ноябр кунлари “катта йигирмалик” – G20 саммити бўлиб ўтади. Бу тузилмага етакчи саноат давлатлари ҳам, ривожланаётган мамлакатлар ҳам, шунингдек икки минтақавий ташкилот – ЕИ ва Африка Иттифоқи киради. Таҳлилчилар таъкидлашича, мамлакатлар тараққиёти даражалари ва сиёсий тузумларининг ана шундай уйғунлашуви G20’ни аъзолари кўзида жуда қадрли қилади, чунки улар ҳиссасига жаҳон ЯИМнинг 80 фоизидан кўпроғи тўғри келади. Аммо бу гал ЖАРдаги саммитда учта энг муҳим давлат – АҚШ, Россия ва Хитой раҳбарлари қатнашмайди. Бу G20 тарихида биринчи марта кузатиляпти.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпинг ўзининг келмаслик сабабини тушунтирмади. Россия президенти Владимир Путин ҳам Йоханнесбургга бормайди — Халқаро жиноий суд (ХЖС) унга нисбатан ҳибсга олиш ордери берганидан бери Путин Рим статутини (ХЖСни тузган халқаро шартнома) ратификация қилган давлатларда чет элга борганда қўлга олиниш хавфини инобатга олишга мажбур.
АҚШ президенти Доналд Трамп эса, унинг даврида АҚШ ва ЖАР муносабатлари сезиларли даражада ёмонлашганига қарамай, Москва ва Пекиндан фарқли ўлароқ, Жанубий Африкадаги саммитга ҳатто бирор делегация ҳам жўнатмаяпти. Трамп бу қарорини изоҳлаб, ЖАРда оқ фермерлар гўёки таъқиб қилинаётгани, мамлакат ҳукумати эса бунинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаётганини айтган. Оқ уйда Жанубий Африка президенти Сирил Рамафоса билан музокаралар вақтида Трамп ҳатто мамлакатдаги “оқ танли аҳоли геноциди” ҳақида гапирган, ЖАР ҳукумати бу айбловларни қатъиян рад этган.
G20 саммитида АҚШ, Хитой ва Россия раҳбарларининг йўқлиги нима англатади? «Улар турли сабабларга кўра бу воқеликка эндиликда унчалик аҳамият бермаётганини кўрсатади, – деди DW’га ёзма интервюсида Галле университети халқаро муносабатлар профессори Йоханнес Варвик. – Бу “катта йигирмалик” доирасида узоқ вақт ҳимоя қилиб келинган мултилатерализм (кўп томонлама ҳамкорлик) тамойили учун ёмон сигнал».
Бироқ ГФР канцлери Фридрих Мерц учун барча бу ҳолатлар уйда қолиш учун сабаб эмас, аксинча, саммитга бориш учун қўшимча омил бўлиб хизмат қилмоқда. «У кўп томонлама ҳамкорликни муҳим деб ҳисоблайди ва ана шу йўлни танлаган. Мен диққатни доимо йўқларга эмас, борларга қаратишни тавсия қилган бўлардим. G20 Германия ҳукумати учун муҳим формат бўлган ва шундайлигича қолмоқда», – деди расмий вакили Себастиан Хилле.
Германия расмийлари G20 учун мураккаб бўлган халқаро вазият ҳақида гапирар экан, Берлин ҳимоя қилаётган ҳозирги жаҳон тартиби савол остига қўйилаётганини қайд этмоқда. Бу тартиб айниқса Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг жиддий синовга дуч келди. Шу билан бирга, “катта йигирмалик”нинг ўз ичида ҳам Россия тажовузини қораламаган ва Москвага қарши санкцияларда иштирок этишдан бош тортган, ҳатто, масалан, Ҳиндистон каби, Россия нефтини жаҳон бозорига етказишда воситачи сифатида фойда кўраётган давлатлар бор.







